Ўзбекистон | 18:00 / 15.01.2019
53788
2 дақиқада ўқилади

Тошкент туманига янги ҳоким тайинланди

15 январь куни Халқ депутатлари Тошкент тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. 

Ғуломжон Ибрагимов
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Сессияда Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов иштирок этди ва сўзга чиқди.

Тошкент вилояти ҳокимининг тавсиясига биноан Акбар Асқарович Сулаймонов Тошкент тумани ҳокими вазифасига тайинланди.

Акбар Сулаймонов 
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

У бу лавозимда 2017 йилнинг июль ойи охиридан 2018 йилнинг декабрь ойи охиригача ишлаган, кейин Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари сифатида тайинланган Ҳотамбек Анварович Шакиров ўрнида иш бошлайди.

Тошкент тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қобилжанович Абилов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Тошкент тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасидан озод этилди. 

Ўзбекистон савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Файзулла Бўриевич Маманов Тошкент тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифасига тайинланди.

Файзулла Бўриевич Маманов
Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил ёзида Зангиота тумани ҳудуди кенгайиб кетиши ортидан уни бошқариш қийинлашгани туфайли, ундан Тошкент тумани ажратиб олинганди. Тошкент тумани 2010 йили Олий Мажлис Сенати қарори билан Зангиота туманига қўшиб юборилганди.

Мавзуга оид