«Алп Жамол банк» эгаси Ўзбекистонга қайтди
"Алп Жамол банк" эгаси Муҳиддин Асомиддинов ўтган ҳафта охирида Тошкентга қайтган. Қатор нашрлар тарқатган хабарга кўра, у 2010 йил март ойида, бу банк тугатилишидан аввал Ўзбекистондан чиқиб кетган.
Kun.uz ушбу маълумотга ойдинлик киритишни сўраб, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмоновага мурожаат қилди.
Унинг айтишича, "Алп Жамол банк" кузатув кенгашининг собиқ раиси Муҳиддин Асомиддиновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-, 184- ва бошқа моддалари билан қўзғатилган ва кейинчалик унинг қидирувда бўлганлиги сабабли тўхтатилган жиноят иши ҳозирда М. Асомиддиновнинг ўз ихтиёри билан қайтиб, терговга жалб қилинганлиги сабабли қайта тикланган.
«Айбланувчининг содир этган қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарарни ихтиёрий равишда тўлиқ қоплаганлиги ва тергов билан фаол ҳамкорлик қилаётганлиги нуқтаи назаридан унга қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисидаги тилхатга ўзгартирилди», - деди Бош прокуратура расмий вакили.
Қайд этилишича, ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан олиб борилмоқда.
2010 йил март ойида Ўзбекистон Марказий банки "Алп Жамол банк" лицензиясини бекор қилди. Банк раҳбарияти, "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида"ги қонуннинг 53-моддаси ҳамда "Банк ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонуннинг 14- моддаси асосида "банк қонунчилигини бузиш"да айбдор деб топилганди.
Хабарларга кўра, 2010 йил 1 январига келиб "Алп Жамол банк" активлари 118,6 млрд сўмга етган, банкнинг жисмоний ва юридик мижозлари сони эса 155 мингдан ошган.
2011 йил март ойида "Алп Жамол банк"нинг кўчмас ва нокўчмас мулклари давлат фойдасига мусодара этилган.