АҚШ Миллий аэронавтика ва фазони тадқиқ қилиш бошқармаси (NASA) ўзининг Perseverance марсюрари 2026 йил 11 октябрь ҳолатига кўра Марс бўйлаб 45,22 км йўл босиб, бошқа сайёра сиртида босиб ўтилган умумий масофа бўйича янги рекорд ўрнатганини билдирди.
Ушбу натижа аппаратга NASA’нинг Opportunity марсюрари томонидан 2004 йилдан 2018 йилгача Марсдаги фаолияти давомида ўрнатилган аввалги рекордни (45,16 км) янгилаш имконини берди.

NASA маълумотларига кўра, Perseverance босиб ўтилган масофа бўйича NASA’нинг Curiosity (2012 йилдан бери Марсда бўлиб, ҳозиргача 38,15 км йўл босган), Spirit ва Sojourner марсюрарларини, собиқ иттифоқнинг «Луноход-1» ва «Луноход-2» аппаратларини, NASA’нинг «Аполлон-15», «Аполлон-16» ва «Аполлон-17» ойюрарларини, шунингдек, Хитойнинг «Юйту» ва «Юйту-2» ойюрарларини ҳам ортда қолдирди.
Олти ғилдиракли Perseverance марсюрари 2020 йил 30 июлда коинотга учирилган эди. 2021 йил 18 февралда аппарат Марс юзасига етиб бориб, олимларнинг фикрича, 3,5 миллиард йилдан кўпроқ вақт олдин дарёлар қуйилган кўл мавжуд бўлган Езеро кратерига қўнди. Perseverance миссиясининг мақсади қадимги микробиологик ҳаёт изларини топишдан иборат. Бунинг учун марсюрар кейинчалик Ерга етказиб бериш мақсадида Марс тоғ жинслари ва тупроғи намуналарини йиғмоқда.
NASA’нинг Реактив ҳаракат лабораториясидаги Perseverance ва Curiosity лойиҳалари раҳбари Стивен Ли Perseverance аъло даражадаги техник ҳолатда эканини ва Марсда 2030 йилларгача ёки ундан ҳам узоқроқ фаолият кўрсатиши мумкинлигини айтди.















