АҚШ Украина билан разведка маълумотлари алмашишни тўхтатгани йўқ. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп журналистлар билан мулоқот чоғида маълум қилди, деб хабар берди Clash Report.
«Йўқ, тўхтатганимиз йўқ. Биз уларга ёрдам беряпмиз. Биз ҳақиқатан ҳам уларга якуний тўхтамга келишда ёрдамлашяпмиз. Биз уруш тугашини хоҳлаймиз», — деди Трамп.
Россия президенти Владимир Путин уруш тугашини гўёки Украина президенти Володимир Зеленскийдан кўра кўпроқ истаётганига нега бу қадар ишончи комиллиги ҳақидаги саволга Трамп шундай жавоб берди:
«Буни музокаралар орқали билдим — мен бутун умрим давомида айнан шу иш билан шуғулланганман. Ўйлайманки, Путин ҳам буни хоҳласа керак; менимча, уларнинг иккиси ҳам бу нарса тугашини истайди. Биласизми, очиғини айтсам, иккаласи ҳам унинг якунланишини хоҳлайди, аммо бунга қандай эришишни билмаяпти. У ерда нафрат жуда кўп... Охир-оқибат ҳаммаси яхши бўлади. Нега бундайлигини биласизми? Чунки доим шундай бўлиб келган».
Трамп, шунингдек, ўзи илгари эълон қилган «энергетика сулҳи»нинг Россия томонидан бузилишига ҳам муносабат билдирди. АҚШ президенти Украина гўёки бир кун аввал Россиянинг кўплаб энергетика объектларига зарбалар берганини айтди. Трамп, шунингдек, «энергетика сулҳи»нинг самарадорлиги ҳақида кейинроқ маълум қилишга ваъда берди.
Аввалроқ Kyiv Independent нашри АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Россия нефтни қайта ишлаш заводларига зарбалар беришни тўхтатишни талаб қилиб, Украина юқори мартабали расмийларига очиқдан-очиқ таҳдид қилгани ҳақида хабар берган эди. Нашр маълумотларига кўра, Вашингтон агар Украина «энергетика сулҳи» деб аталаётган даврда Россия энергетика инфратузилмасига зарба берадиган бўлса, бунинг учун жавобгарликни Киев зиммасига юклашини билдирган.
Шу билан бирга, Reuters агентлиги хабарига кўра, 13 октябр куни Трампнинг «энергетика сулҳи» ҳақидаги баёнотидан сўнг Россия илк бор Украина энергетика объектларига зарба бермаган. Журналистлар Россия Мудофаа вазирлигининг кунлик ҳисоботларини таҳлил қилган ҳолда шундай хулосага келишган.















