Осиё Кубоги гуруҳ босқичининг 3-туридаги Япония–Ўзбекистон учрашуви олдидан матбуот анжуманида дастлаб Япония термаси бош мураббийи Ҳадзиме Мориясу ва яримҳимоячи Тошиҳиро Аояма иштирок этди.

«Ўзбекистонга қарши ўйин натижасига кўра биз гуруҳ ғолиблигини қўлга киритишимиз ёки бой беришимиз мумкин. Мен ғалаба қозонган ҳолда плей-оффга гуруҳ етакчиси сифатида чиқишимизни истаяпман. Шунинг учун ҳам бугун машғулотларни яхши ўтказишга эътибор қаратамиз», – дея ўйинолди фикрлари билан ўртоқлашди Мориясу.
«Эртанги ўйинда ҳам жисмонан, ҳам руҳан энг яхши ўйинимизни кўрсата олишимиз учун бугунги машғулотда астойдил шуғулланишимиз керак», – дея қайт этиб ўтди Тошиҳиро Аояма. Маълумот учун, «Санфречче Хирошима» яримҳимоячиси дастлабки икки тур ўйинида ҳам захирада қолдирилган.
«Мусобақага келишдан олдин биз ўз олдимизга дастлаб гуруҳ ғолиби бўлишни, кейин эса чемпионликка эришишни мақсад қилиб қўйганмиз. Шундай экан, эртага шогирдларимдан ўйинга етарлича жиддий муносабатда бўлишни, унда ғалаба қозониш иштиёқи билан тўп суришни ва бу қўлларидан келишларига ишонишларини истаяпман.
Плей-оффда Австралия билан тўқнаш келиб қолмасликни истаган бўлардим. Ишонаманки, нимчорак финалга йўл олган жамоалар орасида кучсизи йўқ. Биз турнир ғолиби бўлишдек катта мақсадни қўйган эканмиз, бу йўлдаги ҳар бир ўйинга максимал тайёргарлик билан чиқиб, ғалаба қозонишимиз зарур. Австралия биринчи ўйинда мағлубиятга учраган бўлса-да, жамоа савия ва куч жиҳатдан юқори ўринда туради», – дея қайд этиб ўтди Ҳадзиме Мориясу.

Япония терма жамоаси бош мураббийи дастлабки икки ўйинда ҳам уч нафар футболчи алмаштириш имкониятидан тўла фойдаланмаганига қуйидагича изоҳ берди. «Ўйинчи алмаштириш борасидаги қарорларни мен қабул қиламан. Бу захира футболчиларимиз ўйинни кучайтира олмайди, дегани эмас. Бу айнан шу учрашувлар учун энг тўғри қарор эди. Оқибатда биз иккала ўйинда ҳам ғалаба қозондик.
Мен ҳам иложи борича кўпроқ футболчилар хизматидан фойдаланишни истайман, аммо шароит шуни тақозо қилиши керак. Ҳозир гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал этиб бўлганмиз, эртанги ўйинга доир сўнгги кўрсатмаларни бугун бераман», – деди Мориясу.
Мураббийнинг сўзларига кўра, у Осиё Кубоги олдидан Жей-лига футболчилари ва терма жамоанинг Европада тўп сурувчи аъзоларининг жисмоний ҳолати ўртасидаги фарқ туфайли муаммога дуч келган. «Биз БААга келишдан олдин Японияда йиғин ўтказиш орқали бу тафовутни камайтиришга уриндик. Иккита ўйин ортда қолди ва энди барча футболчилар физик жиҳатдан анча яхши ҳолатдалар.














