Спорт | 15:10 / 18.01.2019
21584
2 дақиқада ўқилади

Сардор Рашидов: «Европа клубидан таклифни иккиланмасдан қабул қилдим»

Фото: KUN.UZ

БААда ўтаётган Осиё Кубоги-2019нинг «F» гуруҳи 3-туридан ўрин олган Япония – Ўзбекистон учрашувидан (1:2) сўнг микст зонада футболчилар журналистларнинг саволларига жавоб қайтаришди. Бу ҳақда Ал-Айн шаҳридан Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Хусусан, Ўзбекистон миллий жамоаси ярим ҳимоячиси Сардор Рашидов ўйин мураккаб бўлгани, футболчилар мураббийлар кўрсатмаси бўйича тартибли ўйнаганига қарамасдан, мағлубиятга учралганини айтиб ўтди.

— Кейинги ўйинда Австралияни мағлуб этиш учун майдонга тушамиз, — деди у.

Португалиянинг «Насионал де Мадейра» клубига ўтиши тарихини ҳикоя қилиб берар экан, Сардор Рашидов шундай деди:

— Менинг олдимда бир неча клублардан, жумладан, араб давлатлари клубларидан ҳам таклиф бор эди. Кутилмаганда Португалиядан ҳам таклиф бўлиб қолди. Европа давлатидан келган таклифни ўйлаб ўтирмасдан қабул қилдим.

«Насьонал» вакиллари 10 кун давомида Ўзбекистонда отам билан учрашиб, шартнома шартларини муҳокама қилишган. Кейин кеча Дубайга формалликни расмийлаштириш — шартнома имзолаш учун келишди.

Эслатиб ўтамиз, «Насьонал де Мадейра» клуби 17 турдан сўнг Португалия Примерасида 18 жамоа ичида 12-ўринда бормоқда. Клуб Мадейрадаги Фуншал шаҳрида, сиғими 5132 кишилик стадионда ўйнайди. Клуб бош мураббийи ўтмишда «Насьонал», «Монако», «Порту», «Динамо» (Москва), «Атлетико» (Мадрид), «Аталанта» каби клубларда тўп сурган Коштиньядир.

Мавзуга оид