«Рим дербиси»да мағлубият, Шомуродов Осиёда иккинчи бўлди
Италия чемпионатининг 6-туридан ўрин олган марказий баҳс – Рим дербисида «Лацио» «Рома»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлди. «Бўрилар» сафида Элдор Шомуродов 64-дақиқада (ҳисоб 1:3 эди) захирадан майдонга тушди.

«Лацио» очколарини 11тага етказиб, 6-ўринга кўтарилиб олди. 12 очкога эга «Рома» 4-поғонада қолди.
Элдор Шомуродов майдондан ташқарида ҳам ғолиблик учун курашди. Ўтган ҳафтада ОФК томонидан «Осиёда ҳафтанинг энг яхши футболчиси» сўровномаси ўтказилган бўлиб, якшанба куни ниҳоясига етган овоз бериш якунларига кўра, Элдор жами овозларнинг 29,69 фоизига эга чиқиб 2-ўринни эгаллади. «Порту» клуби ва Эрон миллий жамоаси форварди Меҳди Тореми эса 42,26 % овоз билан ОФК томонидан ҳафтанинг осиёлик энг яхши ўйинчиси деб топилган.

«Шериф» Мадридга сафар олдидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди, Яхшибоев захирадан майдонга тушди
Жасур Яхшибоев тўп сураётган «Шериф» клуби Молдова чемпионати 12-тури доирасидаги «Динамо-Авто»га қарши учрашувда йирик ҳисобда зафар қучди.
Мазкур ўйинда ҳамюртимиз 67-дақиқада майдонга тушди. Шу куни «Шериф» бош мураббийи Юрий Вернидуб асосий таркиб ўйинчиларига Мадриддаги ўйин олдидан камроқ ўйин амалиёти берди. Шунга қарамай, Тирасполь жамоаси «Динамо-авто»ни 7:0 ҳисобида мағлуб этди.
«Шериф» навбатдаги учрашувни 28 сентябрь, сешанба куни Чемпионлар лигаси 2-тури доирасида Мадридда «Реал»га қарши ўтказади. Ўйин соат 23:59да бошланади.
Сардор Рашидовдан ғалаба голи, «Кувайт СК» финалга чиқди
Яна бир ҳужумкор яримҳимоячи Сардор Рашидов учун ҳафта омадли ўтди. Ўзбекистонлик футболчи Кувайт Амири кубоги яримфинали жавоб учрашуви доирасида жамоасининг ғалабали голига муаллифлик қилди.

«Кувайт СК» «Казма»ни 2:1 ҳисобда мағлуб этган ўйинда Рашидов жамоасининг иккинчи голини пенальтидан киритди ва клуби билан бирга Амир кубоги финалига йўлланма олди. Жамоа олдига Амир кубоги ва ОФК кубогида ғолиб чиқиш вазифаси қўйилган.

















