Уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланишда йўл қўйилаётган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш чоралари кўриб борилмоқда

2019 йил 17 январь куни соат 18.40ларда Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, 23 даҳа 20-уйнинг 17, 19, 21, 23, 25 хонадонларининг балконлари тўсатдан қулаб тушгани юзасидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги​ расмий ахборот тарқатди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: ИИББ матбуот хизмати

​Маълум қилинишича, кўп қаватли уйда яшовчи 25 хонадон эгаси, тегишли ташкилотлардан рухсат олмасдан, таъмирлаш ишларини олиб бориб, хонадоннинг ичкарисида ўзгартишлар қилган. Яъни, хонадоннинг 3-яшаш хонаси билан 4-яшаш хонаси оралиғидаги деворни олиб ташлаб, 4-яшаш хонасига кириш эшигини беркитиб ташлаган. Шу билан биргаликда, хонадон балконини ғишт билан ўраб олган.

Шунингдек, мазкур уйнинг 23 хонадони эгаси 2019 йил январь ойининг бошларида ўз хонадонида тегишли ташкилотлардан рухсат олмасдан таъмирлаш ишларини амалга оширган. Хонадон балкони ғишт билан ўралган бўлиб, таъмирлаш жараёнида ғиштлар олиб ташланган.

«Фуқаролар ўз хонадонларининг ички тузилишини тегишли давлат органларининг рухсатисиз ўзбошимчалик билан ўзгартириши натижасида турар-жойда содир бўладиган чўкишлар, ёриқлар турар жойларнинг техник ҳолатига жиддий зарар етказиб, унинг фойдаланишга яроқсиз қилиб қўйиши натижасида кўп хонадонли турар-жой ёки унинг бир қисмининг қулашига сабаб бўлмоқда»​, –​ дейди Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи​. 

Учтепа туманда юз берган ҳолат натижасида 4-қаватдаги 23-хонадон балкони 5-қаватдаги 25-хонадоннинг ғишт билан ўралган балкони оғирлигини кўтара олмасдан 4, 3, 2 ва 1 - қаватдаги балконларга ҳам зарар етказган ҳолда қулаб тушган. 

Фото: ИИББ матбуот хизмати

«Балконлар қулаб тушган пайтда ҳеч ким жабрланмаган. Ушбу ҳодиса натижасида бирор-бир фуқаро жабрланганида ёки ҳалок бўлганда, ким жавоб берар эди? Содир бўлган ушбу ҳодиса ҳар биримизни сергаклантириши лозим. Ҳар биримиз ушбу ҳодисадан ўзимизга хулоса чиқаришимиз шарт», – дейди вазирлик вакили.