Ўзбекистон | 12:26 / 21.01.2019
5316
2 дақиқада ўқилади

Электрон ҳамёнлардан фойдаланиш тартибини соддалаштириш таклиф этилди 

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида электрон ҳамёнлардан фойдаланиш тартибини соддалаштириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, дунёнинг ривожланган мамлакатларида электрон ҳамёнлардан фойдаланиш табиий ҳолга айланган. Ўзбекистонда ҳам бу қулайликни жорий этиш зарур. Масалан, Webmoney, Qiwi, Yandex.money ва бошқа электрон ҳамёнларга оддий ёки махсус банкоматлар, шунингдек, электрон тўлов тизимлари орқали пул ташлаш имконини яратиш керак. 

“Айни вақтда Webmoney ва Qiwiга айрим мобил иловалар ёки сайтлар орқали пул ташлаш имкони бўлса-да, лекин уларнинг комиссия тўловлари жуда юқори - 7 фоиздан 40 фоизгача. Агарда 100 минг сўм Webmoneyга ташланса, ҳисобга 60 ёки 70 минг сўм миқдордаги пул тушади”, - дейилади мурожаатда. 

Бунда хизматни таклиф этувчилар улкан миқдордаги комиссия тўловини ушлаб қолади. Табиийки, бундай харажатлар ҳаммага ҳам тўғри келмайди.

“Шу сабабли, электрон ҳамёнларга пул ташлаш имкониятини қулайлаштириш керак бўлиб, бу Интернет орқали онлайн савдо қилиш, маҳсулотлар ва хизматлардан фойдаланишда аҳолига қулайликлар яратади”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Мавзуга оид