1989 йилнинг майида Фарғонада ўзбеклар ва месхети турклари ўртасида даҳшатли қирғинга айланган оммавий тўқнашувлар бошланиб кетди, бутун Фарғона олов ичида қолди. Зиддият тўлқини ўша кезлар республика аҳолисининг қарийб ярми яшаётган Фарғона водийсини бутунлай ўз домига олиши мумкин эди. Фарғона ҳодисалари пайти 100 дан зиёд киши қурбон бўлди, мингга яқин инсон жароҳатланди, деб ёзмоқда Каримов Фонди.
Ана шундай мушкул паллада Ислом Каримов республика раҳбари этиб сайланди. Сайланганидан кейин у зудлик билан Фарғонага борди. Каримовнинг пухта ўйлаган сиёсати ва фаол саъй-ҳаракатлари ҳамда жараёнда Марказ вакиллари ҳам бевосита қатнашиши лозимлиги ҳақидаги қатъий талаблари туфайли қонли ихтилоф авж олмасдан тўхтатиб қолинди. Акс ҳолда, бутун республикада беқарорлик юзага келиши мумкин эди.

«Ислом Каримов Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида аланга олаётган миллатлараро зиддиятларни бартараф этиш бўйича дадил ва мардонавор чора-тадбирларни амалга оширди. Шу тариқа у 1990 йил февраль-март ойларида Бўка ва Паркентда, 1990 йил июнь ойида Ўшда қонли этник ихтилофларнинг олдини олди. Президент Ислом Каримов Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, ҳам “титул” миллат, ҳам миллий озчиликлар манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратди», - дейилади Фонд хабарида.


Биринчи президент томонидан ислом динининг қайта уйғониши, қолаверса, мамлакатдаги барча конфессияларнинг эркин фаолият юритишига ғамхўрлик кўрсатилгани бу борада улкан аҳамият касб этди. Барча диний конфессиялар вакиллари ўз эътиқодига эмин-эркин ва тўсиқларсиз амал қилишлари учун зарур шарт-шароит яратилди.
















