APN — НТТ компаниясининг IOWN (Innovative Optical and Wireless Network) концепциясидаги асосий тармоқ технологияларидан биридир. У бутун тармоқ бўйлаб оптик сигналлар ёрдамида маълумотларни узатишни назарда тутади ва сигналларни оптикдан электрга ва аксинча, ўзгартиришлар сонини камайтиради. Бундай ёндашув тармоқ ўтказувчанлигини ошириш, маълумотларни узатишдаги кечикишни камайтириш ва энергия истеъмолини қисқартириш имконини беради.

Лойиҳанинг 2026 йилда амалга ошириладиган биринчи босқичида APN уланиши Оҳангарон ва Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Uztelecom маълумотлар марказларини боғлайди. Каналнинг мақсадли ўтказиш қобилияти 800 Гбит/с ни ташкил этади, маълумотларни узатишдаги кечикиш эса 100 км гача бўлган маршрутда бир миллисекунддан кам бўлади.

2027–2028 йилларда тармоқни тўртта маълумотлар марказигача кенгайтириш режалаштирилган. Тошкентдаги иккита платформага Бухоро ва Қўқондаги маълумотлар марказлари қўшилади. Объектлар 800 Гбит/с гача масштабланувчи ўтказиш қобилиятига эга ягона фотон магистрали, шунингдек, алоқа каналларини захиралаш ва ҳимоялаш имкониятлари орқали боғланади.

Географик жиҳатдан тақсимланган маълумотлар марказларини юқори ўтказиш қобилияти ва паст кечикишга эга тармоқ билан бирлаштириш уларнинг ҳисоблаш ресурсларидан биргаликда фойдаланиш имконини беради. Бу айниқса сунъий интеллектнинг тақсимланган вазифалари, реал вақт режимида маълумотларни қайта ишлаш, видеотаҳлил, рақамли эгизаклар, яъни реал объектлар ва жараёнларнинг виртуал моделлари ҳамда «ақлли шаҳарлар» хизматлари учун муҳимдир.

«Uztelecom мамлакатнинг рақамли инфратузилмасини изчил ривожлантирмоқда. Иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжлари нафақат янги маълумотлар марказларини, балки уларни ягона юқори самарали тизимга бирлаштиришга қодир бўлган замонавий тармоқ технологияларини ҳам талаб қилмоқда. Шунинг учун биз япониялик ҳамкорларимиз билан биргаликда ушбу соҳадаги энг илғор ечимлардан бирини синовдан ўтказмоқдамиз. Лойиҳа сунъий интеллект, булутли хизматлар ва бошқа рақамли технологияларни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади, шунингдек, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга оширишга ҳисса қўшади», - деди Uztelecom компаниясининг истиқболли ривожланиш ва инвестиция лойиҳалари департаменти директори Умар Избасаров.

Лойиҳа доирасида Uztelecom Ўзбекистондаги пилот лойиҳанинг ташаббускори ва буюртмачиси ҳисобланади. Toyota Tsusho Corporation инфратузилмани комплекс интеграция қилиш учун масъул, NTT DOCOMO BUSINESS IOWN ва APN бўйича экспертиза ҳамда технологияларни тақдим этади, NEC эса APN ускуналари ва техник ечимларни тақдим этади.

Лойиҳа Япония Ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги (МИC) буюртмаси асосида ўтказилган тадқиқот кўмагида амалга оширилмоқда.