Анча йиллар олдин, Абрамовичнинг пуллари ва Жозе Моуриньо туфайли Англиянинг энг кучли жамоасига айланган «Челси» Чемпионлар лигасида «Бетис»га ютқазиб қўйганди. Ўша куни лондонликлар роса жазавага тушишган, ҳакам билан тортишув, рақибга қарши қўполликлар авжига чиққан, хуллас, мағлубиятга чидай олишмаганди. Ўша учрашувни дадам билан бирга кўргандик. «Челси» ютқазишни билмас экан», деган эди отам ўйин тугагач.

Умуман, ютқазишни ҳам билиш керак, мағлубиятдан кейин янада кучли бўламиз, омадсизликлар жамоани чиниқтиради, тарзидаги гаплар кўп айтилади ва менга бироз баландпарвоз туюлади.

Мағлубият қачон тажрибани оширади?

Қачонки, сиз ўша мағлубиятга тайёр бўлмасангиз, ўша муваффақиятсизлик сизни издан чиқариб, бахтсиз қила олса...

Мағлубиятдан ўлимдан қўрққан каби қўрқсангиз…

Ўшандагина аслида, сиз учун мағлубият ҳам дарсга айланади…

Жозе ўшанда илк ойлардаёқ «Челси»га ғалаба қозонишни осонлик билан ўргатгандир, аммо мағлубиятдан қўрқишни ўргатиш, анча қийин, ишонаверинг.

Бугун терма жамоамиз футболчилари Осиё кубогида Австралия терма жамоасига қарши майдонга тушади. Шу пайтгача дарвозасига ҳатто бирорта ҳам гол урмаганимиз австралияликларга қарши ўйин ўзига хос ҳаяжон билан кутилаётгани табиий. ЖЧ-2010 саралашининг охирги босқичида биз билан бир гуруҳда тўп сурган Австралия илк ўзаро ўйинда, Тошкентда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган ва Рауф Инилеевнинг истеъфосига сабаб бўлганди. Кейин эса, жавоб ўйинида 2:0 ҳисоби билан яна ғалаба қозонишди. Роппа-роса 8 йил олдин бўлиб ўтган Осиё Кубоги ярим финалида эса, Темур Жўраев дарвозасига жавобсиз олтита гол йўллашди.

Вазият шундай. Статистика ҳам, бошқаси ҳам фаворит кимлигини айтиб турибди. Эҳтимол, футболчиларимиз муносиб ўйнаб, кичик мағлубиятга учрашса ҳам, ҳеч ким уларни у қадар танқид қилмайди. Қилинса ҳам, аслида Австралияни ҳеч қачон ютмаганимизни рўкач қилиб, фалокат бўлмаганини айтувчилар топилади. Балки мен ҳам ўша қаторда бўларман. Қисқаси, гуруҳдан чиқилди, рақиб — Австралия. Демак, ҳар қандай ҳолатда ҳам турнир биз учун ўта муваффақиятсиз ҳисобланмайди.

Балки, энг ёмони шу.

Футболчилар ёки мураббийлар рақибни қандай танлашади, билмадим-у, лекин биз журналистлар ва мухлислар турнир бошланганидан буён, гўёки Австралиядан «қочдик». Аввалига, гуруҳимиздаги иккинчи ўрин соҳиби уларнинг гуруҳидаги иккинчи жамоа билан тўқнаш келишини-ю, биз японлардан олдинда бўлмаслигимизни тахмин қилиб, Иордания ёки Сурияни кутдик. Илк турдаёқ иорданияликлар сюрприз қилган пайтдан бошлаб, кайфиятимиз тушиб кетди ҳам — «энди гуруҳда биринчи бўлиш керак, ана шунда Австралияга тушмаймиз». Бу ҳақида кўп ўйладик, гаплашдик. Қаранг, бу ерда Иордания Австралияни енгмоқда, биз эса, демак уларни енгса бўларкан, деб хулоса чиқаришнинг ўрнига, ҳайиқдик. Бекор бўлди шу иш, Австралия ўз гуруҳида биринчи ўринни олса бўларкан, дедик. Қўрқдик.