Бугун лимонли сув ҳақида деярли ҳамма билади – у ҳатто кўплаб ресторанларда оддий сувнинг бепул муқобил варианти сифатида таклиф этилади. Бу ичимликнинг машҳурлиги сабаби нимада ва у қандай хусусиятларга эга?

Айрим кишилар унинг таъми ёқимли бўлгани сабаб ичишса, бошқалар эса соғломлаштирувчи таъсири сабаб уни ўз рационларига киритишади. Тўғрисини айтганда, ҳозирча лимонли сувнинг инсон организмига таъсири мавзусида у қадар кўп тадқиқотлар ўтказилмаган. Бироқ бу ичимликнинг икки таркибий қисми – сув ва лимоннинг алоҳида хусусиятлари ҳақида маълумотлар талайгина.
Лимонли сув иштиёқмандлари у бир неча фойдали таъсирларга эгалигини таъкидлайдилар. Келинг, лимонли сувни ҳар куни ичишни бошласангиз қандай ўзгаришлар юз бериши мумкинлигига ойдинлик киритамиз.
Вазннинг камайиши
Яқинда ўтказилган тадқиқотлар лимон таркибидаги полифенол антиоксидантлар вазн камайишига ҳисса қўшишини кўрсатган.
Лимонли сув ичадиган кишилар озишда ҳеч қандай қийинчиликни ҳис этмасликларини айтишган.
Сув мувозанати
Ўзини яхши ҳис этиш учун етарли миқдорда сув ичишнинг ўзи кифоя. У туфайли организм ички муҳитининг нисбий доимийлиги, терморегуляция ва метаболизм токсик маҳсулотларининг чиқарилиши таъминланади. Ўртача катта одам кунига 2,7 дан 3,7 литргача сув ичиши керак. Суюқликнинг айрим миқдорини биз таомдан оламиз, бироқ катта қисми организмга сув кўринишида тушиши керак. Бироқ ҳамма ҳам сув ичишга ўзини мажбур қилолмайди.
Сувга лимон томчисининг қўшилиши унинг таъмини яхшилаб, кўпроқ ичишга иштиёқ уйғотади деб ҳисобланади.
С витамини
С витамини саломатлик учун жуда муҳим антиоксидант. Уни фақат егулик орқали олиш мумкин. Чунки организм уни мустақил тарзда ишлаб чиқаролмайди. Агар С витаминини етарли даражада олсангиз, у юрак қон-томир касалликлари, инсульт ва гипертония эҳтимолини камайтиришда ёрдам беради. Айрим тадқиқотларга кўра, у шамоллаш касалликларидан тезроқ тузалишга ёрдам беради, шунингдек тери ҳолатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Лимон С витаминининг аъло манбаи бўлиб, унинг биргина мевасида кунлик меъёрнинг 90 фоизига яқини мавжуд бўлади.














