Ўзбекистон | 09:06 / 22.01.2019
5296
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Меҳр» хайрия фондини ташкил этиш таклиф қилинди 

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида “Меҳр” хайрия фондини ташкил этиш тўғрисида петиция пайдо бўлди.

“Ҳаммамиз яхши биламизки, дунёда энг бебаҳо неъматлардан бири бу инсон соғлиғи ҳисобланади. Атрофимизда айрим сабабларга кўра ўз соғлиғини йўқотиб, ёрдамга муҳтож бўлган, аммо моддий аҳволи сабабли даволанмаётган болалар, ёшлар ва қариялар етарлича топилади. Ижтимоий тармоқларда моддий ёрдам сўраб мурожаат қилувчиларни деярли ҳар куни учратамиз. Мана шундай инсонларга ўз соғлиқларини тиклашда дори-дармон, муолажа ва даволаниш хизматлари учун тўловни амалга оширишда кўмак берувчи “Меҳр” хайрия фондини ташкил қилиш таклифини киритмоқчиман”, - дейилади мурожаатда.

“Ҳаммамиз ҳам бундай одамларга ҳамма вақт ёрдам беришни хоҳлаймиз, лекин бунинг учун бизда ҳам имконият бўлмаслиги мумкин, аммо кичикроқ суммадаги пулни ўтказа оламиз (айтайлик 5 минг, 10 минг сўм). Таклифим, “Вақф” хайрия жамоат фонди каби бу фонд ҳам фуқаролардан онлайн тарзда ихтиёрий берилган маблағларни қабул қила олиши керак. Қулайлик учун пулни электрон тўлов хизматлари - мобил иловалар орқали фонднинг очиқ ҳисоб рақамига исталган вақтда ўтказиш имконияти яратилиши мақсадга мувофиқ бўларди”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Шунингдек, Фонд маблағларининг тўғри ва мақсадли сарфланиши устидан назорат қилувчи жамоатчилик кенгаши тузилиши ва унинг асосий вазифаси ёрдамга эҳтиёжи бор шахсларни аниқлаш бўлиши керак. 

Қайд этилишича, “Меҳр” хайрия фондини тузиш орқали кўплаб хонадонларга қувонч олиб кириш мумкин бўлади.

Мавзуга оид