Депутат «яширин иқтисодиёт»ни бартараф этиш бўйича таклифлар билан чиқди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев “яширин иқтисодиёт”ни бартараф этиш бўйича ўз таклифлари билан чиқди.
Унинг қайд этишича, “яширин иқтисодиёт”нинг яшаб келаётгани иқтисодиётнинг ўсишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
“Маълумки, “яширин иқтисодиёт”ни буткул йўқ қилиш ҳали ҳеч бир мамлакатда эришилмаган натижа ҳисобланади. Бу нобоп тизимнинг ялпи ички маҳсулотдаги каттагина “улуши” давлат бюджети даромадларига ва иқтисодиёт ривожланишига тўсқинлик қилиши табиий.
Шунинг учун ушбу масалада ривожланган давлатларнинг босиб ўтган йўли чуқур таҳлил қилиниб, ўзимизга мос бўлган йўналишларга таяниб, уни батамом йўқ қилиш борасида босқичма-босқич чоралар кўришимиз лозим, деб ўйлайман”, - дейди депутат.
Унинг айтишича, кўплаб ривожланган мамлакатларда “яширин иқтисодиёт”нинг улуши ва таъсирини минимал даражада камайтиришга эришилган. Бу натижа оддий аҳолининг турмуш даражаси юқори даражада бўлишига замин яратган.
“Яширин иқтисодиёт”да валюта қора бозорининг ўрни жуда катта ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам, энг йирик нақд пул айланмалари хорижий валюта бўлмиш АҚШ долларида амалга оширилади (ноқонуний йирик битимлар, уй-жой олди-сотдиси, автомобиль олди-сотдиси ва бошқа кўплаб товарлар олди-сотдиси).
Банкдан ташқари айланаётган бундай хорижий валютанинг бевосита миллий валютамизга нисбатан етказаётган зарари охир-оқибат сўмимизнинг қадрсизланишига билвосита таъсир кўрсатмоқда. Аксарият маҳсулотларнинг четдан нақд пулга сотиб олиб келтирилиши ёки хуфиёна битимлар туфайли маҳсулотларнинг мамлакатимизга олиб кириб сотилиши кўп жиҳатдан солиқдан яширган ҳолда фойда кўриб ишлаётган тадбиркорлар ва уларни қўллаб-қувватлаб турган бошқа шахсларга қўл келмоқда. Энг ёмони, бу ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, ҳалол ишлаётган ёки ишлаб чиқараётган маҳсулотларини қонуний реализация этаётган, рақобатбардош маҳсулотларни кўпайтираётган шахсларга жиддий зиён етказади.
Дейлик, тўқимачилик фабрикасида тайёр ҳолда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархи хуфиёна ишлаб чиқарилганникидан албатта юқори бўлади. Сабаби, фабрика ходимларга иш ҳақи тўлаши, ишлаб чиқаришдаги, асосий воситалар амортизацияси ва шунга ўхшаш харажатларни қоплаши зарур. Бу каби харажатлар, албатта, маҳсулотнинг таннархида ўз ифодасини топади.
Яширин цехда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг таннархида эса, бундай харажатлар йўқлиги сабабли, бозорда нархи арзон, бозори чаққон бўлади.
Шу боис “яширин иқтисодиёт”га барҳам бериш, у билан шуғулланадиган тадбиркорларни аста-секинлик билан қонуний белгиланган тартибда ишлашга ўргатишимиз зарур бўлади.
Тадбиркорлик фаолияти билан ноқонуний шуғулланган ва ўз даромадларини яширган барча тадбиркорлик субъектларига амнистия қўллаш, яъни, белгиланган амнистия муддати ичида тадбиркорлар ўз даромадларини ҳеч қандай тўсиқсиз ва ортиқча текширувларсиз Ўзбекистонда қайд этиб, легаллаштиришлари ҳамда фаолиятини давом эттиришлари учун қонуний чоралар кўриш мақсадга мувофиқ”, - деди депутат.
Унинг билдиришича, давлат томонидан нақд пулсиз савдо қилаётган тадбиркорларга имтиёз, преференциялар бериш орқали қўллаб-қувватлаш мамлакатимиз иқтисодиётининг янада барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Масалан, ривожланган давлатларда бугунги кунга келиб нақд пул муомаласи қисқартирилган. Барча пул айланиши банк орқали амалга оширилиши давлатнинг иқтисодиёти тараққий этишига ёрдам беради.
Мавзуга оид
17:53 / 24.08.2024
АҚШнинг санкциялар сиёсати глобал яширин иқтисодиётни яратди — WSJ
19:26 / 07.05.2024
Қатъий белгиланган АОС сақланиб қолиши керак — эксперт
19:40 / 04.05.2024
“Хуфёна иқтисодиётга қарши кураш иллюзияси” — Солиқ қўмитасининг режалари нега танқидга учради?
11:29 / 01.05.2024