Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Тошкентдаги шов-шувли дастурлар ва эфирга узатилган «Браво» ҳақида муносабатини билдирди
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров кўп шов-шув ва муҳокамаларга сабаб бўлган Тошкентда концерт берган айрим ғарб мусиқа ижрочилари, ТВ эфирига узатилган «Браво» гуруҳининг концерт дастури бўйича мулоҳазаларини билдирди.
«Ўзбекистонда нодавлат, хусусий электрон оммавий ахборот воситаларининг миллий ассоциацияси мавжуд. Телеканалларда мониторинг гуруҳи, яъни бадиий кенгаш фаолияти йўлга қўйилган. Кўрсатувлар эфирга узатилишидан аввал, билишимча, бадиий кенгаш томонидан маъқулланиши лозим.
Сир эмаски, айрим сериаллар, концерт дастурлари, видеоклиплар маънавиятимизга зид бўлган элементларни акс эттиряпти. Афсуски, Ўзбекистон Республикаси амалда бўлган қонунчилик нормаларига кўра, шундай лавҳаларнинг эфирга узатилишига йўл қўймаслик учун «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг айрим бандларига ўзгартиш киритиш эҳтиёжи пайдо бўлади», – дейди у.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг айтишича, ОАВга эркинлик зарур ва талаб этилаётган жараён ҳисобланади. Лекин айрим пайтларда ОАВ орқали жамият хоҳламаган; қадрият сифатида эътироф этилган тарбия, маданият ва маърифатга қарши оммавий маданиятнинг салбий таъсирлари жадал кириб келяпти.
«Браво» гуруҳининг концерт дастури бўйича Марказга бир нечта мурожаат бўлди. Лекин амалдаги қонунчиликка асосан, биз уларнинг фаолиятини тақиқлаш ваколатига эга эмасмиз. Тегишли ваколатга эга ташкилотлар эса ваколати доирасида ҳаракатларини етарлича асослаб беришга имкон топмаяпти. Чунки бу – тадбиркорлик фаолияти.
Нафақат ТВ, балки барча турдаги ОАВ, эркин босма нашрлар билан ҳамкорликда ишлаб, оммавий маданиятнинг салбий таъсирларидан жамиятни асраш бўйича ишлар ташкил этилади.
Бу – цензура эмас. Бизга ёт бўлган масалаларнинг кириб келишига нафақат айрим ташкилотлар, балки жамоатчилик кучни бирлаштириб ҳаракат қилиши лозим. Маданиятимизга зид бўлган айрим ғарб мусиқа ижрочиларининг Тошкентда концерт берган ҳолатлари бўлди. У ерда маданиятимизга зид бўлган ҳаракатлар кузатилди. Биз бунга эътироз билдиряпмиз, лекин бизнинг эътироздан кўра, Ўзбекистондаги фаол жамоатчилик бундай масалаларга қарши бирлашмас экан, айрим ташкилотларнинг ҳаракатлари билан буларнинг олдини олиб бўлмайди», – деб қўшимча қилган у.
Алишер Қодиров масаланинг иккинчи томонидан гапириб, ана шу кўрсатувларнинг истеъмолчиси бўлгани учун кўрсатувлар эфирга узатилаётганини танқид қилди.
«Бу ҳолат бугунги ахборот истеъмолчисининг даражасини ҳам кўрсатяпти. Ахборот таҳлил қилиш даражаси жамиятимизда энг қисқа жараён ҳисобланади», – деб фикр билдирган у.
Мавзуга оид
18:21 / 11.11.2024
Алишер Қодиров ЛГБТ тарғиботини тақиқловчи қонун ишлаб чиқилишини маълум қилди
15:34 / 20.10.2024
Россиялик депутат Ўзбекистон фуқароларига виза режимини жорий этишга чақирди. Жамоатчилик бунга жавоб қайтарди
16:23 / 29.08.2024
“Болалар 7-синфдан кейин қобилиятидан келиб чиқиб ўқитилиши керак” – Алишер Қодиров
10:59 / 12.07.2024