Себзор кўчасидаги 21-ДМТТ олдида пиёдалар учун алоҳида йўлак йўқ. Ота-оналар фарзандларини боғчага олиб келиш ва олиб кетишда автомобил ҳаракатланадиган йўлдан юришга мажбур бўлаётганини айтмоқда.

Аҳолининг айтишича, ҳудуддаги бинолар бузилиб, майдон темир панжара билан ўраб олинганидан кейин аввал мавжуд бўлган пиёдалар йўлаги ёпилган. Муаммо бир неча йилдан бери давом этмоқда. Бу ерда боғчадан ташқари мактаблар ва олий таълим муассасаси ҳам жойлашган. Шу боис йўлакнинг йўқлиги фақат боғчага келадиган оилаларга эмас, бошқа пиёдаларга ҳам қийинчилик туғдирмоқда.

«Албатта, хавфли. Лекин қаердан юришим керак? Тротуар бўлмаса, шу ердан юришга мажбурман. Бошқа йўл йўқ», — дейди маҳаллий аҳоли вакили.

«Болаларим шўх, югуриб кетиб қолишидан қўрқаман. Ёмғир ёғганидан кейин бу ер лой бўлиб кетади. Учта болани бир вақтда олиб ўтиш жуда қийин. Айрим ҳайдовчилар тез ўтиб кетишади, бола борми ёки “коляска” борми, қарашмайди. Шу ерда пиёдалар йўлаги бўлса, болаларим билан хавфсиз юрардим», — дейди фарзандларини боғчага олиб келадиган оналардан бири.

«Катта ўғлимни ҳам машина туртиб кетган. Велосипедда кетаётганида орқасидан машина келиб урган. Бу ерда болалар кўп юради, лекин пиёдалар учун йўлак йўқ. Ҳар куни болаларимни олиб ўтганда хавотирдаман», — дейди маҳаллий ота-оналардан бири.

«Болаларни логопедга ёки спорт тўгарагига олиб бориш учун кўчанинг нариги томонига ўтишимиз керак. Светофоргача бориш учун ҳам айланиб юришга тўғри келади, у ергача эса тротуар йўқ. Шу ерда пиёдалар йўлаги ва хавфсиз ўтиш жойи ташкил этилса, яхши бўларди», — дейди суҳбатдошлардан бири.

Гап шундаки, бу ердаги пиёдалар йўлагининг ёпилишига сабаб бўлган ҳудуд «REAL QURILISH BUILDING» МЧЖга тегишли. Қурилиш ишлари бошланмаган бўлса-да, майдон темир панжара билан ўраб қўйилган. Натижада аввал мавжуд бўлган пиёдалар йўлаги ёпилиб, боғча болалари, мактаб ўқувчилари ва талабалар автомобил ҳаракатланадиган йўлдан юришга мажбур бўлмоқда. Бу маълумот Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг фуқаро мурожаатига берган жавобида ҳам қайд этилган.

Kun.uz муаммони жойида ўрганиб, Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигига ҳам мурожаат қилди. Жараёнга ҳоким ўринбосари жалб қилиниб, ҳудуддаги вазият кўздан кечирилди.

Ҳоким ўринбосари Расул Кучкаров муаммо қурилиш ишлари ва ҳудуднинг ўраб қўйилгани билан боғлиқлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу ерда қурилиши тўхтаб қолган элчихона объекти бор. Ҳокимият вакили тўсиқларни суриш ва ҳудудни тозалаш орқали пиёдалар учун вақтинчалик йўлак ташкил этиш режалаштирилаётганини билдирди.

«Ечим қила оламиз. Ҳозир мана, қурилиши тўхтаб турган элчихонамиз бор, ўшанинг олдидаги “забор”ларни суриб, тозалаб, вақтинча бўлса ҳам фуқароларга енгиллик яратиш мақсадида стандарт ўлчамдаги тротуар қилиб берамиз. Бунинг учун 15–20 кунча вақт керак бўлади. Тайёрлаш ишлари бор. Вақтинчалик бўлса ҳам, қор-ёмғирда одамлар хавфсиз юрадиган йўлак бўлади», — деди Расул Кучкаров

Ҳоким ўринбосари ҳудуд реновация майдони эканини ҳам қайд этиб, тўсиқларни очиш ва суриш орқали аҳоли учун йўлак ташкил этишга ҳаракат қилинишини айтди. Мурожаатлар масаласида эса Расул Кучкаров бу муаммо бўйича расмий мурожаат келиб тушмаганини билдирди.

Қизиғи шундаки, аҳоли вакиллари ушбу масала юзасидан икки марта мурожаат қилганини айтмоқда. Қолаверса, уларнинг қўлида айнан ҳоким ўринбосари номидан юборилган жавоб хати ҳам бор. Ҳокимият вакили 15–20 кун ичида вақтинчалик стандарт ўлчамдаги тротуар ташкил этилишини ва аҳоли хавфсизлиги таъминланишини маълум қилди. Энди асосий масала — ваъда қилинган ишлар белгиланган муддатда амалга оширилишида.