Жорий йилнинг 28 январь куни “Озодлик” порталида мақола эълон қилингач, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси томонидан ушбу вазият зудлик билан текширилди.

Мақолада Tashkent Cityнинг бош пудратчиси – Discover Invest МЧЖ меҳнат қонунчилигига зид равишда ишчилар меҳнат ҳуқуқини поймол этаётгани таъкидланган.

Шунга мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2019 йил 31 январдаги Буйруғига биноан тузилган 4 кишидан иборат ишчи гуруҳи 1 февраль куни мазкур вазиятни белгиланган тартибда ўрганиб чиқди.

Ўрганиш натижасида қуйидагилар маълум бўлди:

Биринчидан, меҳнат ҳуқуқ инспекторлари томонидан текширилганда “Tashkent city” ҳудудида фақат иккита объектда (5 ва 8-лотлар) қурилиш ишларини олиб бораётган Discover Invest МЧЖ ходимлари – ишчилари ўртасида, мақолада келтирилганидек, иш ташлаш, дам олишсиз меҳнат қилиш, ойлик иш ҳақларидан ушлаб қолиш сингари меҳнат қонунчилигига зид ҳолатлар аниқланмаган. 2017 йил 3 январда иш берувчи ва меҳнат жамоаси кенгаши вакили ўртасида тасдиқланган ички меҳнат тартиб қоидалари бўйича 6 кунлик иш ҳафтасида ишловчи ходимлар учун 7 соатлик иш куни, яъни соат 9:00 дан 17:00 га қадар (шанба куни 9:00 дан 15:00 га қадар) меҳнат қилиш белгилаб қўйилган (3.5-бандида) ва шу тартибда иш олиб борилмоқда. Масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида, ушбу объект директори М.Сагдуллаев, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги муҳандиси З.Қозоқов, иш бошқарувчи (прораб) М.Саттаров, пайвандчи Б.Содиқов ва ишчи З.Шавқиевлар билан суҳбат ўтказилиб, улардан тушунтириш хатлари олинди.

Иккинчидан, Discover Invest МЧЖнинг “Tashkent city” ҳудудида меҳнат қилаётган 1400 дан ортиқ ишчилари билан тегишли тартибда меҳнат шартномаси тузилган, иш ҳақлари белгиланган муддатда тўланган, текширув давомида мажбурий меҳнат ҳолатлари ва иш ҳақидан қонунчилик талабларига зид равишда ушлаб қолиш ҳолатлари аниқланмади.

Учинчидан, қурилиш объектларида меҳнатни муҳофаза қилиш чоралари кўрилган, ходимлар махсус кийим ва ҳимоя воситалари билан таъминланган, санитария ва гигиена талабларига жавоб берадиган ётоқ жойлар ва ошхона мавжуд, корхона ҳисобидан нонушта, тушлик ва кечки овқат ташкил этилган. Ишчилар сони кўп бўлгани сабаб, навбат бўйича овқатланиш йўлга қўйилган, унга кўра нонушта 8:00 дан 9:00 гача, тушлик 12:00 дан 14:00 гача ва кечки овқат 17:00 дан 18:00 гача берилади.