«Кимки умумий фалокат дақиқаларида Ватан халоскорлигидан бошқа бирор-бир хаёлга борса, — озод давлатда яшашга ҳақли эмас».
Фридрих Максимилиан фон Клингер.
Одам атонинг болалари Қобил ва Ҳобил ҳикоясидан сўнг Ҳақ ва Ботил жангининг у ёки бу тарафида ё ғолиб бўлиш ё мағлуб бўлиш инсониятнинг қисматига айланган аслида.
XXI асрда қутбларга бўлиниш ўрнига қучоқлашган, жанжаллашиш ўрнига суҳбатлашган, қони қайнаши ўрнига қалбларни қовуштирган жамиятгина омон қолади. Қолганларининг бари аввал тилини, маданиятини кейин эътиқодини глобализацияга қурбон бериб, энг сўнгида ҳурриятини йўқотади. Бугун инсоният даҳшатли уруш гирдобида қолди. Урушки, ўқсиз, қонсиз аммо қурбонларсиз эмас. Глобал миқёсда олиб борилаётган уруш инсонларни жисмонан ўлдиришга эмас инсонларнинг шахсиятини ўлдиришга қаратилган урушдир.
Бутун дунёда бўлгани каби бу ҳолат бизнинг Ўзбекистонимизда ҳам давом этмоқда. Бугун ташқаридаги хавфлар баробарида мамлакат ичидаги мафкуравий эврилишлар, жараёнларнинг ижобий томони баробарида салбий оқибатлари ягона бир давлат ўлароқ оёқда мустаҳкам туришимизда қийинчиликлар келтириб чиқаряпти. Бу бундан қўрқиш керак дегани эмас. Бутун дунё мамлакатларининг оддий ҳаёт тарзи бу. Ҳушёр бўлишимиз керак бўлган нуқтаси эса, ҳар куни ҳар соат давом этаётган бу жангда ҳушёрликни бир он бўлса-да йўқотмаслик, ҳар қадамимизни ўйлаб, иймонимизга суяниб тадбир олишимиздир.
Мени доим ана шу хавфларнинг кушандаси бўлган Ватанпарварлик деган туйғу ўзига ром қилиб келган. Бугун айнан мана шу туйғу ҳақида мушоҳада қилишга ҳаракат қиламан.
Буюк олимлар, тафаккур соҳиблари ҳамиша Ватанпарварлик туйғусини ҳатто энг манфур инсонни ҳам қайта тарбиялайдиган, инсонни шахс ўлароқ юксалтирадиган куч, деб таърифлашган.
Агар эсингизда бўлса, мустақилликнинг илк йилларидан сўнг бозор муносабатлари ривожлангани сари жамиятда Ватанпарвар сўзи ёшлар орасида ҳақорат сифатида ишлатиш ҳоллари учрай бошлаганди. Ватанпарварлик замондан ортда қолганлик белгиси сифатида кўрила бошлаган, бу олий қадриятнинг жамиятдаги ўрнини бой бўлишга интилиш, моддият эгаллаб бораётганди. Ватанпарварликнинг ижтимоий ҳаётда қадри йўқола бошлаганди.
Бунинг натижаси ўлароқ, Ватанпарвар бўлиш фойдасиз, дея кўрила бошлаганди. Айнан ана шу ҳолат, яъни телевизор ва бошқа оммавий воситаларида Ватанпарварлик қанчалик улуғланмасин ижтимоий реалликда унинг қадри пасайиши жиддий салбий оқибатларга олиб кела бошлади. Бунинг ҳам табиий маҳсули ўлароқ ёшлар орасида (аслида нафақат ёшлар орасида) маддоҳлик ва ижтимоий иккиюзламачилик трендга айлана бошлади.














