Каракас яқинидаги эски бинолардан бирида Уго Чавес ҳамон яшамоқда. Асосий залда Венесуэланинг собиқ президентининг ҳарбий либосдаги улкан ҳайкали ўрнатилган. У бинога кириб келгувчиларни виқор билан қаршилайди.
Деворда Чавес Венесуэланинг миллий ранглари - сариқ-кўк-қизил рангдаги формада жилмайиб туради. Унинг остидаги катта стол ортида ўзини Суберо деб таништирувчи киши соатлаб ўтиради.
Суберо ўн йиллардан буён Чавесга садоқатли, гап фақат идеологияда эмас. 1992 йилнинг 4 февралида ўша вақтда 20 ёшда бўлган, ҳозирда 47 ёшга чиққан истеъфодаги сержант Суберо Чавес томонидан ўша вақтдаги президент Карлос Андрес Пересга қарши қилинган тўнтаришда иштирок этганди.
Ўшанда исён бостирилган, Суберо Чавес ҳамда бошқа исёнчилар билан бирга қамоққа ташланганди.
Аммо бу воқеа Суберонинг Чавесга ишончига заррача путур етказмади.

Фото: KEVIN JORDAN / GETTY IMAGES
Ҳозирда у Венесуэладаги «колективос» (colectivos) деб номланувчи ўнлаб гуруҳлардан бирига бошчилик қилади. «Колективос» аъзолари ўзларини Чавеснинг боливарча инқилоби қўриқчилари деб аташади ҳамда унинг вориси Николас Мадурога садоқат изҳор этишади.
Мадуро айни вақтда халқаро ҳамжамиятнинг қаттиқ босимига учрамоқда, жаҳон давлатлари уни истеъфога чиқиб, муддатидан аввалги президентлик сайловлари ўтказилишини талаб қилишмоқда.
Жанубий Американинг аксар давлатлари, Европа, АҚШ ва Канада энди Мадурони бу мамлакатнинг қонуний президенти деб ҳисобламайди.
Аммо Суберо ва унинг қўмитасининг бошқа аъзолари 2013 йилдан буён Венесуэлани бошқариб келаётган Мадурони ҳимоя қилишга бел боғлашган.
«Мен уни ҳимоя қилиш учун ўлишга тайёрман», дейди Суберо.
«Ташқи аралашув»
Венесуэладаги «колективос» гуруҳлари Чавес диктатураси даврида пайдо бўлган ва бутун мамлакат бўйлаб тарқалган.
Улар расман аҳолига ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш мақсадида тузилган бўлинмалардир. Бундай гуруҳлар таркибида минглаб аъзолар бор.
Мухолифат вакиллари ва ҳуқуқ фаоллари эса «коллективос»ни қуролли гуруҳларга айланиш ва маълум ҳудудлар устидан назорат ўрнатиб, ҳукумат танқидчилари, намойишчилар ва журналистларга ҳужумлар уюштиришда айблайди.


















