Жамият | 11:49 / 08.02.2019
16318
2 дақиқада ўқилади

Discover Invest раддия берди

Фото: Discover invest

Ўзбекистондаги энг йирик қурилиш лойиҳаси – Tashkent City’нинг бош пудратчиси, мамлакатдаги йирик девелоперлик ширкатларидан бири Discover Invest хориж нашрларидаги хабарлар юзасидан раддия берди.

«Discover Invest корхонаси, 2019 йилнинг 7 февралида интернет сайтларида берилган мақолада ва унга илова қилинган видеода тасвирланган қурилиш объектида корхонамиз томонидан қурилиш ишлари олиб борилмаётганлигини ҳамда ушбу объектда Discover Invest корхонасининг ишчилари фаолият юритмаётганлигини маълум қилади.

Эълон қилинган мазкур мақола Халқаро журналистика профессионал этика тамойилларини қўпол равишда бузган ҳолда вазиятга аниқ далилларга асосланмаган ҳолда тайёрланганлигини, шунингдек, ушбу мақола муаллифининг ўз сайтида бериб бораётган шу мавзудаги кетма-кет мақолаларни Discover Invest корхонасига нисбатан туҳмат ва ҳақорат деб ҳисоблаймиз.

Таъкидлашимиз лозимки, Тошкент шаҳрида олиб борилаётган барча қурилиш майдонини «Discovery Invest корхонасининг объекти» деб ҳисоблаш мантиқий ва қонуний жиҳатдан ноўрин ва ноқонуний деб баҳолаймиз.

Discover Invest корхонаси қурилиш объектларини ҳамда уларда меҳнат қилувчи ишчи-ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишни истовчилар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат этилганда, улар қурилиш объектлари билан таништирилиши мумкинлигини маълум қилади», дейилади раддияда.

Эслатиб ўтамиз, январь ойи охирида ва февраль ойи бошида «Озодлик» радиоси сайтида Discover Invest томонидан Тошкентда қурилаëтган объектларда ишлаш учун ёлланган ишчилар ўта қониқарсиз шароитларда, кунига 12 соатдан ишлаётгани, овқатланиш ва тунаш учун шароитлар ўта абгор ҳолатдалиги ҳақида материаллар эълон қилинганди.

Мавзуга оид