Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ҳужжат матни ЎзАда келтирилган.
Фармон билан Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ташкил этилган.
Вазирлик автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё транспортлари, метрополитен, шунингдек, йўл хўжалигини ривожлантириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Вазирлик транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ташкилотлар фаолиятини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, лицензия ва рухсатномалар бериш, сертификатлаштириш, самарали техник ва тариф сиёсатини амалга ошириш йўли орқали давлат томонидан тартибга солиш вазифасини амалга оширади.
Вазирлик томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорларнинг ижроси давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар учун мажбурий ҳисобланади.
Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:
- транспортнинг барча турларини ягона транспорт тармоғига интеграциялашуви ва янги самарали транспорт-логистика тизимларидан фойдаланган ҳолда уйғунликда ривожлантиришга йўналтирилган ягона давлат транспорт сиёсатини ишлаб чиқиш;
- транспорт ва логистика хизматлари бозорини ривожлантиришни рағбатлантириш, уларнинг барча тоифадаги истеъмолчилар учун оммабоплигини таъминлаш, шунингдек, соҳага инвестицияларни жалб этишга йўналтирилган транспорт соҳасидаги ягона тариф сиёсатини амалга ошириш;
- халқаро транспорт коридорларини ривожлантириш, логистика тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва чора-тадбирларни амалга ошириш, мамлакат транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектларининг транспорт-логистика хизматларидан фойдаланишдаги сарф-харажатларини камайтириш;
- транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ва мамлакат инвестициявий жозибадорлигини ошириш;
- бутун транспорт тизимини рақамлаштириш бўйича илғор ахборот технологияларини жорий этиш, Ўзбекистон Республикаси Транспорт тизимининг бир-бирига боғланган ягона тизимини истиқболли ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;










