Kun.uz таҳририятига Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридан қизиқ мурожаат келиб тушди. Унда мурожаатчи қурилиши учун миллиардлаб кредит олинган истироҳат боғи қурилиши охирига етказилишида сунъий тўсиқлар пайдо бўлгани ва президентга тақдим қилинган лойиҳа майдонининг бир қисми айрим мансабдор шахслар томонидан олиб қўйилаётганини баён этганди. Муаммони жойига бориб ўргандик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2017 йилнинг 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташриф буюрганди. 

Ташриф давомида Қашқадарё вилояти ҳудудида амалга оширилиши кўзда тутилган бир неча лойиҳа президентга тақдим қилинганди. Шундай лойиҳалардан бири Қарши шаҳрида қурилиши кўзда тутилган «Алишер Навоий» номидаги истироҳат боғи бўлиб, лойиҳа «ASINZA-BZ» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Бахтиёр Жўраев томонидан давлат раҳбарига намойиш этилганди.

Бахтиёр Жўраев

Жамият раҳбари лойиҳа деярли тугатилгани, бироқ боғ автотураргоҳ майдонининг бир қисми баъзи мансабдор шахслар томонидан олиб қўйилгани ҳақида гапирди.

 «Президентимизнинг 2017 йилдаги Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида мазкур истироҳат боғи лойиҳасини тақдим қилгандик. Президент керакли кўрсатмаларни бериб ишимизга ривож тилаганди. Бироқ, ҳозирги кунда мазкур боғга кириш қисмида қурилаётган автотураргоҳ майдонининг бир қисми олиб қўйилмоқда.

Боғга энг зарур жой бу - автотураргоҳ. Дам олиш кунлари келган одамлар ўз машиналарини бу жойга қўйиши керак. Йўл четига қўя олмайди, ЙПХ ходимлари жарима қўллаши мумкин. Автотураргоҳ бўлмаса, сунъий тиқилинчлар пайдо бўлади. Кўпчилик боғга машинасида келади. Оилавий келганлар ўз машиналарини қаерга қўяди?