Спорт | 17:54 / 12.02.2019
11137
3 дақиқада ўқилади

«Эйр Форс» бош мураббийи: «Пахтакор»нинг жарима зарбалари эътирофга лойиқ»

Осиё Чемпионлар лигаси саралашининг 2-саралаш босқичи доирасидаги «Пахтакор»-«Эйр форс» ўйинидан кейинги матбуот анжуманида дастлаб Бағдод клуби бош мураббийи Босим Қосим иштирок этди.

«Биринчи навбатда «Пахтакор»ни муҳим ғалаба билан табриклайман. Биз кучли жамоага қарши ўйнашимизни билардик. Эҳтимол жароҳатлар сабаб энг яхши ўйинимизни кўрсата олмагандирмиз. Жарима зарбасидан киритилган 2-гол ўйин тақдирини бутунлай ўзгартириб юборди. Шу голдан кейин «Пахтакор» устунликни тўла қўлга олди», – деди ироқлик мутахассис.

– Голгача жамоангиз вақт чўзишга урингандек кўринди. Ўйинни қўшимча бўлимларгача олиб бориш режангиз бормиди?
– Асло йўқ. Биз қўшимча бўлимларда эмас, асосий вақтда ўйин тақдирини ҳал этишни мўлжаллагандик. Бунда, албатта, муҳим футболчиларимизнинг сафимизда йўқлигини ҳам ҳисобга олдик. Ўйинни юқори темпда эмас, секин-асталик билан бошлаш ва темпни ошириб бориш ниятида эдик.

– Мағлубиятга нима сабаб бўлди?
– «Пахтакор»нинг жарима зарбаларини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Айниқса, стандартдан урилган иккинчи гол ўйин тақдирига катта таъсир кўрсатди.

– Ўйин биринчи бўлимда техник сабаб билан узоқ вақт тўхтаб қолгани якуний натижага таъсир кўрсатдими?
– Бундай ҳолатлар камдан-кам бўлса-да, учраб туради. Шу билан бирга, бундай вазиятлар баъзи футболчиларда мотивациянинг бироз сусайишига сабаб бўлиши мумкин. Футболчилар ўйинга эндигина киришиб, қизишиб олган эдилар; қолаверса ҳаво ҳам анча совуқ.

– «Пахтакор»нинг ОЧЛдаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?
– «Пахтакор» кейинги босқичдан муваффақиятли ўтиб, гуруҳ босқичига чиқишига ишонаман. Бу жамоада халқаро мусобақалар тажрибаси жуда катта.

Маълумот учун, «Эйр Форс» таркибида уч нафар етакчи футболчи – Амжед Раҳим, Карар Набил ва Али Ҳосни жароҳати сабабли бугунги ўйинда қатнаша олмади.

Мавзуга оид