Ўзбекистон | 15:30 / 15.02.2019
38526
3 дақиқада ўқилади

Эркинжон Турдимов Самарқандда қурилиш соҳасидаги коррупция ҳақида гапирди

Самарқанд вилоят ҳокимлигида қурилиш ишлари билан боғлиқ йиғилиши ўтказилди. «Zarnews» хабарига кўра, йиғилиши чоғида бундан кейин шаҳарда қурилиш билан боғлиқ жараёнлар ошкора амалга оширилиши ҳақида маълум қилинган.

Йиғилишга ҳокимлик мутасаддилари, архитекторлар, қурувчилар, шунингдек, депутатлар, ОАВ ходимлари, фаол зиёлилар таклиф этилди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов йиғилганларни Самарқанд шаҳридаги қурилишлар бўйича республика прокуратураси ишчи гуруҳи тақдим этган маълумотнома билан таништирди.

Маълум бўлишича, вилоят марказидаги 141та объектда ер ажратиш, қурилиш тартиб-қоидаси ва технологиялари бузилган. Ушбу камчиликларни бартараф этишга мутахассислар билан бир қаторда кенг жамоатчиликни жалб этишга келишиб олинган.

«Қурилишдаги пинҳона келишувлар, ҳужжатлардаги сохталиклар, тендер танловлари ёпиқлиги соҳадаги қонун бузилишлари ҳамда коррупцияга йўл очган. Айниқса, қадимий шаҳардаги айрим тарихий мерос объектларига зарар етган. Бу ҳолат UNESCO маъмуриятининг эътирозига сабаб бўлган», — деган вилоят ҳокими.

Ҳокимнинг айтишича, бундан кейин вилоятда, хусусан, ер устидаги очиқ музей деб тан олинган Самарқанд шаҳридаги барча қурилиш ошкора амалга оширилади. Объектларнинг қурилиши, режалаштирилишида жамоатчилик ва аҳоли фикри ҳисобга олинади. Қурилишдан шахсий манфаат кўриш учун қурувчига ҳам, ижро органи раҳбарларига ҳам, «ўртакаш» товламачиларга ҳам йўл берилмайди.

Депутатлар, журналистлар, умуман, зиёлилардан иборат тарғибот гуруҳи аҳоли ўртасида ҳамда ОАВ орқали янги объектлар қурилиши билан боғлиқ режаларни тушунтиради.

Айрим маҳаллаларда эски уйлар кўп, баъзи маҳаллаларда канилизация йўқ, ҳовлилар сел келиши мумкин бўлган сув йўлларида жойлашган. Табиийки, келгусида бундай манзилларда режали қурилишлар олиб борамиз. Лекин ҳар қандай шароитда обида ва бинолар муҳофазаси эътиборда бўлади.

Йиғилишда ўрганилган объектларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг июлда Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туробжон Жўраев қурилиш компаниясидан пора олгани учун қўлга олинганди.

Маълум бўлишича, унинг ҳокимлиги даврида Самарқанд вилоят ҳокимлигида турар жойлар қуриш учун рухсатнома бериш, ер участкаларини тақсимлашда ўзига хос «ставка» жорий этилган.

Тергов вақтида у ўзига қўйилган айбларни тан олган. Айни вақтга келиб, ушбу иш бўйича тергов жараёни якунланган ва иш судга оширилган.

Мавзуга оид