АТАЛАНТА - МИЛАН (17 февралга ўтар кечаси, 00:30)

Италияда ажойиб формага кириб олган ва жуда яхши серия қайд қилаётган икки жамоанинг тўқнашуви жуда қизиқ бўлса керак. Бунинг устига, «Милан» ва «Аталанта» мос равишда 39 ва 38 тадан очко тўплаб, тўртинчи ва бешинчи ўринни банд қилиб туришибди. Яъни, Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашда ҳам бу ўйин натижаси муҳим аҳамият касб этади.

«Милан»нинг янги ҳужумчиси Кшиштоф Пёнтек ўзини кўрсатишни бошлаб юборди. Дастлаб, «Наполи»га қарши кубок ўйинида дебют қилиб, дубль қайд этган польшалик форвард А Серияда кейинги икки ўйинда ҳам майдонни голсиз тарк этмади. «Милан» эса, охирги 9 ўйиндан атиги бир марта, у ҳам бўлса, «Ювентус» билан ўйинда мағлубиятга учради холос.

«Аталанта»нинг юриши ундан ҳам салмоқлироқ. Бергамоликлар саккиз ўйиндан буён мағлубият нималигини билмай келишмоқда. Бу ўйинлар ичида «Ювентус» ва «Рома» билан жанговор дуранглар, 5:0, 6:2 ҳисобидаги чиройли ғалабалар ва кубок ўйинида туринликлар устидан йирик ҳисобдаги зафар ҳам бор. Жамоа ҳужумчиси Дуван Сапата эса, охирги 12 ўйинда, барча мусобақаларда, 18 гол уришга муваффақ бўлди ва шу даврдаги Европанинг энг сермаҳсул ўйинчиси бўлиб турибди. Бу ўйинларда Сапала икки марта ҳет-трик ва бир покерга эришди.

«Аталанта» А Серияда 50 гол уришга эришган – бу ҳам чемпионатдаги энг яхши кўрсаткичдир. «Милан» билан ўзаро ўйинларда ҳам ҳозирда «Аталанта»нинг натижалари юқори – охирги 7 ўйинда миланликлар бирор марта ҳам ғалаба қозона олишмаган.

Хуллас, ўйин мазмуни жиҳатидан ҳам, турнир жадвалига бўлган таъсири, умуман жамоаларнинг бугунги ҳолати, қаҳрамонлар жиҳатидан ҳам томоша қилишга арзигулик ўйин бўлишига шубҳа йўқ. 

БАРСЕЛОНА – ВАЛЬЯДОЛИД (17 февралга ўтар кечаси, 00:45)

Гўёки, бир текисда, барча масалаларда аниқ жавоблар билан давом этаётган Ла Лигага интрига қайтди. «Барселона» қаторасига икки ўйинда очко йўқотди ва энди, каталонияликларнинг «Реал» билан ўртадаги фарқи атиги 6 очкони ташкил қилмоқда.

«Барселона» ўйинида пасайиш ва очколар йўқотилиши янгилик эмас, эсингизда бўлса, биринчи даврада Вальверде жамоаси ёмонроқ натижаларни кетма-кет қайд этишганди. Аммо бу сафаргиси сал хавфлироқ. Биринчидан, ўтган сафар мос равишда «Реал» ҳам ёмон натижалар қайд этган ва шу тариқа каталонияликларнинг муваффақиятсиз ўйинлари сояда қолганди. Иккинчидан, Испания чемпионатида муаммолар айнан энг кераксиз пайтда, Чемпионлар Лигасида қизғин палла бошланган даврда юзага келмоқда. Бунинг устига, таркиб борасида ҳам муаммолар етарли – Усмон Дембеле ҳали ҳам жароҳатини даволамоқда, Коутиньо эса, доим ҳам самарали ўйин кўрсата олмаяпти. Сўнгги ўйинларда асосий таркибда мунтазам тушиб турган Артур ҳам жароҳат олди ва март ойигача сафга қайта олмаса керак.