Самарқанд вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2019 йил 6 февралдаги топшириқлари ижросини таъминлаш бўйича йиғилиш ўтказилди.

Мазкур топшириқда бир ҳафта муддатда ўтказилган хатлов натижаларини Маданият ва Қурилиш вазирликларининг қўшма мажлисида муҳокама қилиб, Самарқанд шаҳрининг тарихий марказидаги жами 159та объектда аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича «Йўл харитаси»ни тузиш ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими раҳбарлигида штаб ташкил этиш белгиланган.

Қайд этиб ўтиш лозимки, 2018 йилда Бош прокуратура томонидан Вазирлар Маҳкамаси, Қурилиш, Маданият вазирликлари ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Самарқанд шаҳрининг тарихий марказида янги қурилган бино-иншоотлар хатловдан ўтказилган.

Ўрганиш натижасида 2015-2018 йилларда жами 159та (75та турар, 84та нотурар) объектлар шаҳарсозлик нормаларига тўлиқ риоя этилмасдан ноқонуний қурилгани аниқланган.

Жумладан:

·       34та объектнинг ер ажратиш ёки қурилишга рухсат беришга оид тегишли ҳоким қарорлари чиқарилмаган;

·       73та объектнинг лойиҳаларига экспертиза хулосалари олинмаган;

·       102та объектга шаҳарсозлик кенгашининг хулосалари олинмаган;

·       120та объект Маданият вазирлиги ва 59таси «ТошбошпланЛИТИ» ДУК билан келишилмаган.

Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш натижасида қурилиш нормаларига риоя қилмаганликлари учун 132 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, шаҳар ҳокимининг 56та қарорига протест келтирилган, битта жиноят иши қўзғатилган, ноқонуний қурилган объектларни бузиш ҳақида судларга 12та даъво аризаси киритилган.

Шунингдек, мазкур 159та объектнинг 18таси республика миқёсида, 141таси вилоят миқёсида ҳал этилиши бўйича хулоса тузилган.

Мазкур объектларни бартараф этиш юзасидан Республика вазирлик ва идоралари томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқиш бошланди.