Бир йилгина олдин уни ҳеч ким танимасди. Мураббийларнинг у ҳақидаги башоратлари скаутларнинг одатий айёрликларига ўхшар, топ-клубларнинг кўзи эса, жанубда, янги Роналдулар ва Неймарларни излаш билан овора эди. Ана энди, Кшиштоф Пёнтек, бу номни энди фақат фентезида арзон ҳужумчи қидирганлар эмас, ҳамма билади. Уни аввалига Роберт Левандовскига ўхшатишди, «Милан»га ўтиб, кетма-кет гол уришда давом этгач эса кўпроқ Андрей Шевченкога қиёслашмоқда. Қаҳрамонимизнинг бу гаплар билан энди иши йўқ, у яқин йиллар учун ўз клубини топиб олгандек, майдонда Балотеллининг рекордини такрорлаб, буни Суарес услубида нишонламоқда. Келинг, мана шу абзацдаги сиз учун энг нотаниш, аммо энг қизиқарли ном - Кшиштоф Пёнтек ҳақида гаплашамиз.

Ким ўзи у?

Кшиштоф 1995 йилнинг июлида Польшанинг жануби-ғарбидаги кичкинагина Дзержонюв шаҳарчасида дунёга келди. Бундай жойлардан футболчи бўлиш, табиийки, жуда қийин йўллардан ўтишни тақазо этар, Кшиштоф ҳам бу ҳаётни ўз бошидан кечирганди. У «Лехия»даги машғулотларга улгуриш учун жуда барвақт туришга мажбур бўлар, стадионгача 15 километр йўл босиш керак эди.

«Доим қачонки, дангасалигим тутганида, отамнинг бақувват қўллари мени қўзғатар, унинг муваффақиятга эришиш фақат оғир меҳнат орқали бўлиши ҳақидаги сўзлари менга куч берарди», - деб эслайди Кшиштоф.

2013 йилда, 18 ёшли Пёнтек «Заглембе» клуби билан шартнома имзолади. Клуб сиёсати камтарона жамоаларга хос эди - таркибда доимий равишда ёш футболчиларга жой топилар, шу орқали клуб ҳам молиявий томондан иқтисод қиларди, ҳам ёшларга харидорлар чиқиб, омадли трансферларга йўл очиларди. Дастлаб, Пёнтек жамоадошларига рақобатда бой бера бошлади ва ғолиб чиқиш учун ўз устида кўпроқ ишлаши кераклигини тушуниб етди. Нозиккина йигитча мунтазам равишда тренажёр залларига қатнай бошлади, керакли вазнга ҳам эга бўлди ва энди уни тўпдан узоқлаштириш осон эмас, баъзида Пёнтекнинг ўзи рақиб ҳимоясига босим ўтказадиган бўлди.

Ҳужумчининг илк мавсуми «Заглембе»га омадсиз келди, жамоа иккинчи дивизионга тушиб кетди. Аммо муваффақиятсизликка қарамасдан, Кшиштоф жамоада қолди ва келаси мавсумда ўзининг 8 голи билан «Заглембе»нинг яна юқорига қайтишига ҳисса қўшди. 2016/17 йилги мавсум олдидан эса, унга Польшанинг энг қўҳна жамоаси - «Краковия»дан таклиф тушди. У ерда Пёнтекнинг икки мавсумдаги 32 голи Ғарбий Европа клубларининг ушбу футболчига қизиқиш билдиришлари учун етарли бўлди.

«Краковия»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Михал Пробеж Пёнтек ўйинининг такомиллашишида жуда муҳим рол ўйнаган.

«Авваллари мен бирорта вазиятни кўкка совурсам, яна таваккал қилишга қўрқиб қолардим ва ортга қайтиб, фақат шерикларим билан ўйнашни бошлардим. Мураббий менинг футболга бўлган қарашларимни ўзгартирди ва бироз сабрли бўлишни ўргатди. Энди мен ўйиннинг 70 ёки 90-дақиқаси ўтиб бораётган бўлса ҳам, гол уришимга ишонардим ва ўз вазиятимни кута олардим», - деб ҳикоя қилади Кшиштоф.