Жамият | 07:53 / 18.02.2019
13523
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлигида янги компания тузилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ўртасида имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартномага мувофиқ «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ ҳамда «ОРИЕНБАНК» ОАЖ ҳамкорлигида, Ўзбекистон Республикасининг Тожикистондаги элчихонаси кўмагида «ОРИЕН-УЗАГРО» компаниясининг лойиҳаси ишлаб чиқилди.

«Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, 2018 йилнинг 9 ноябрь куни “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ таркибига кирувчи “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖ ҳамда «ОРИЕНБАНК» ОАЖ ўртасида ҳамкорликда «ОРИЕН-УЗАГРО» ишлаб чиқариш компаниясини ташкил этиш борасида таъсис шартномаси имзоланган.

Ушбу компания, асосий фаолияти “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ таркибидаги тизим корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган эҳтиёт қисмлари ва деталлардан Тожикистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникаларини йиғиш ҳамда ишлаб чиқариш бўлган янги заводнинг қурилиши билан шуғулланади.

2019 йилнинг 11 февраль куни «ОРИЕН-УЗАГРО» компанияси Тожикистон Ҳукумати ҳузуридаги Солиқ қўмитаси рўйхатидан ўтди.

Шу муносабат билан 2019 йилнинг 14 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикасидаги элчихонасида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Эргаш Шоисматов, «Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ вакиллари ҳамда  «ОРИЕНИНВЕСТ» МЧЖ бош директори С. Валиев ва бошқалар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликда тузилган «ОРИЕН-УЗАГРО» компанияси Тожикистон Республикаси иқтисодиётининг кўпгина тармоқларининг ривожланиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳамда Тожикистон Республикаси ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг янада кенгайишига хизмат қилишини таъкидлашди.

Мавзуга оид