Ўзбекистон Республикаси президенти “Қурилиш материаллари саноатини тубдан такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қарор билан қурилиш материаллари саноати корхоналари, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг:

Ўзбекистон қурилиш материаллари саноати корхоналари уюшмасини ташкил этиш;

“Ўзқурилишматериаллари” АЖнинг бошқарув органлари йиғилишларида унинг хўжалик жамиятлари устав капиталларидаги акциялари (улушлари) пакетларини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш орқали жамиятни тугатиш масалаларини кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

Қайд этилишича:

а) қурилиш материаллари саноатининг ихтиёрий асосда кирувчи корхоналари “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг аъзолари ҳисобланади;

б) “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ижро этувчи аппаратининг тузилмаси уюшма таъсисчиларининг умумий йиғилиши қарори билан тасдиқланади;

в) “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тақдимномаси бўйича уюшма таъсисчиларининг умумий йиғилиши қарори билан сайланади;

г) “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасини жорий таъминлаш ва унинг фаолиятини молиялаштириш уюшма аъзоларининг бадаллари ва ажратмалари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

д) қуйидагилар “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси аъзолари манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилишни таъминлаш, шунингдек, қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича уларга таклифлар киритиш;

юқори қўшилган қийматли қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, шунингдек, ихтисослашган етакчи хорижий компаниялар билан қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ўзлаштириш учун инвестициялар, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорлик қилиш;