Ўзбекистон Республикаси президенти “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.
Қарор билан Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси шаклидаги Президент мактаблари ташкил этилади.
Қуйидагилар Президент мактабларининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
иқтидорли болаларни аниқлаш, танлаш ва ўқитиш, уларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, ўқувчиларнинг интеллектуал, илмий ва ижодий салоҳиятини очиб бериш;
табиий ва аниқ фанларни чуқур ўрганиш, хорижий тиллар, муҳандислик ва ахборот технологияларини ўзлаштиришни ташкил қилиш, ўқувчиларнинг инновацион ғоялари ва ишланмаларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
ўқувчиларни ўқитиш ва улар билимини баҳолашнинг замонавий услубларини,шунингдек, таълим дастурларининг интеграциялашувига асосланган ўқитишнинг фанлараро ёндашувини жорий қилиш ва кейинчалик ижобий тажрибани республика халқ таълими тизимига татбиқ этиш;
ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларда етакчилик кўникмалари ва нотиқлик санъатини ривожлантириш, танқидий фикрлаш, ахборотни излаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш, олинган билимларни амалиётда қўллаш малакасини ошириш;
ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича халқаро олимпиадалар, танловлар ва мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш;
ўқувчиларда ватанпарварлик ва Ватанга муҳаббат туйғусини, бағрикенглик, қонунлар, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан муносабатни, ҳаётга қатъий ишонч ва қарашларни шакллантириш;
ўқув дастурларининг узлуксизлигини таъминлаш масалаларида худди шу йўналишдаги миллий ва хорижий умумий ўрта ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, битирувчиларнинг илғор хорижий олий ўқув юртларида ва уларнинг республикамиздаги филиалларида ўқишини давом эттириш.
Белгиланишича:
Президент мактабларига қабул қилиш республика умумтаълим муассасаларининг 4-синф битирувчилари орасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра амалга оширилади;














