22 февраль куни Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида Зиёрат туризми бўйича биринчи халқаро форумнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди.
Бош вазир ўринбосари йиғилганларга Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб, қуйидагиларни маълум қилди:
"45 та мамлакатга визасиз режим жорий қилинди, фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кириши мумкин бўлган мамлакатлар сони 64 тага етди; 76 та мамлакат фуқаролари электрон кириш визасини олиш имкониятига эга бўлдилар. 2018 йилда 50 дан ортиқ мамлакат фуқаролари учун қарийб 22 мингта электрон кириш визалари расмийлаштирилди; Ўзбекистон ҳудудидан транзит билан ўтаётган 101 давлат фуқароларига Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби жорий этилди", - деди у.

Фото: Камиль Еникеев
Шунингдек, Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонга ташриф буюрувчи хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қўшимча кириш визалари тоифалари («Vatandosh», «Academic visa», «Medical visa», «Student visa») жорий этилгани тўғрисида маълумот берди. Форум мавзуси ва меҳмонларимизга бевосита алоқадор бўлган янги виза тури - «Pilgrim visa» айнан зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида жорий этилганини алоҳида қайд этди.
Бундан ташқари, Бош вазир ўринбосари «Буюк ипак йўли» мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилувчи сайёҳларга қулайлик яратиш, бир ташриф доирасида Марказий Осиёдаги бир нечта мамлакатларда бўлиш имкониятини берувчи «Silk visa» тизимини ҳам жорий қилиш масаласи кўзда тутилаётганини таъкидлади.




















