Табиий газ таъминотидаги муаммолар бўйича келаётган мурожаатлар сони кўп эмас, балки жуда кўп. Аниқки, бундай муаммолар қиш мавсумида биринчи ўринга чиқади. Салбий ҳолатлар бўйича бизга келиб тушган мурожаатларнинг барчасини ўрганишга имкониятимиз етмаслиги мумкин. Kun.uz мухбирлари баҳоли қудрат ўша жойнинг ўзига бориб, масалани ёритишга ҳаракат қилмоқда.

Ўтган ҳафта водийнинг уч вилоятидаги табиий газ етиб бормаётган жойлар ҳақида эълон қилинган танқидий мақоламиздан сўнг бу вилоятларда фаолият юритувчи “Ўзтрансгаз” ҳудудий филиал мутасаддилари турлича реакция қилишди. Фарғона ва Наманганда айнан ўша мурожаат тушган жойларда (таъкидлаймиз, айнан ўша мурожаат тушган ҳудудларда)ги камчиликлар бартараф қилинган бўлса, Андижонда ўша жойларга бир кун газ беришиб, эртасига яна ўша эски ҳолат давом этган. Бу жиҳатга мақола сўнгида яна бир бор тўхталишимиз бор.

Андижон шаҳрининг қоқ марказида жойлашган 3-кичик даҳа, 42-кўпқаватли уйда яшовчи аҳоли вакиллари ўтган ҳафта табиий газ таъминотидаги аҳвол умуман ёмон эканлиги ҳақида жуда кўп бора мурожаат қилишди.

Биз ҳолат билан танишгани ўша жойга бордик. Ҳақиқатда, 42 ва унга қўшни бўлган тўртта “дом”да ҳолат жуда ёмон. Сизда: “Туманлардаги деярли барча қишлоқларда аҳвол шундай-ку?” деган савол туғилиши мумкин. “Дом”да ҳолат бошқачароқ, улар суюлтирилган газ баллони билан таъминланмаган. Мабодо ўз пулига газ баллони сотиб олиб ишлатса, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид ҳисобланади. Кўпқаватли уйда печка ёқиш яна муаммо. Бундай ҳолат нафақат 42-уйда, айтиб ўтганимиздек, балки унга қўшни тўртта уйда ҳам юз бермоқда.

“Қиш давомида шаҳар газ идораси, шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилавериб, асабларимиз тугади. Ҳеч қандай натижа йўқ. Шу уч ойни катта қийинчилик билан ўтказдик.  Баъзида газ эрталаблари ярим сантиметр бўлиб ёниб қолади. Тушдан кейин эса яна газнинг ҳидини ҳам топа олмаймиз. “Дом”имизда марказлашган иситиш тизими аллақачон йўқ бўлиб кетган. Муаммоларимизни эшитадиган, чора кўрадиган одам борми?” дейишди шу ерда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари Жамила Аюпова, Елена Назарян, Саодат Юсупова ва бошқалар.