Иқтисодиёт | 23:16 / 25.02.2019
7931
2 дақиқада ўқилади

The Times Travel Show Expo: Мумбайда Наманганнинг туризм салоҳияти намойиш этилди

Фото: Ҳиндистондаги Ўзбекистон элчихонаси

Ҳиндистонда 10 мингдан зиёд киши ташриф буюрган The Times Travel Show Expo туристик кўргазмасида Ўзбекистон, айниқса Наманган вилоятининг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди. Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси Kun.uz'га шу ҳақида хабар берди. 

Фото: Ҳиндистондаги Ўзбекистон элчихонаси

23-24 февраль кунлари Ҳиндистонинг Мумбай шаҳрида “The Times Travel Show Expo” йирик сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Ҳиндистоннинг етакчи туризм компаниялари, сайёҳлик соҳаси билан боғлиқ турли саноат ташкилотлари, етакчи авиакомпаниялар, хорижий давлатлар делегациялари иштирок этди. 

Кўргазма майдонига мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Мумбай шаҳридаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Ўзбекистон стенди ўрнатилди.

Республика туризм салоҳияти, тарихи, маданияти руҳида безатилган Ўзбекистон миллий стендига инглиз тилида тайёрланган турли маълумотлар, қўлланмалар ва  видеоматериаллар жойлаштирилди. 

The Times Travel Show Expo доирасида Наманган вилояти туризм салоҳиятига бағишланган алоҳида бурчак ташкил этилди. Унда вилоятда хорижий сайёҳлар учун зиёрат туризми, экотуризм, оилавий туризм ва бошқа йўналишлардаги мавжуд имкониятлар намойиш этилди. 

Икки кун давом этган ушбу кўргазмага 10 мингдан ортиқ киши ташриф буюрди.

Фото: Ҳиндистондаги Ўзбекистон элчихонаси

Кўргазмага ташриф буюрган меҳмонларга Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, мавжуд туризм йўналишлари, яратилаётган имкониятлар ва қулайликлар бўйича ҳар томонлама тақдимот берилди. Хусусан, ҳиндистонлик сайёҳлар “e-visa” тизими ва бу йўналишда киритилган енгилликлар, Мумбай ва Тошкент шаҳарлари ўртасида йўлга қўйилган авиақатновлар тўғрисида батафсил маълумот олиш имконига эга бўлишди.

Мавзуга оид