Бухорода ўтказилган Зиёрат туризми бўйича I Халқаро форум ўз ишини якунлади. Мазкур форум Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатнинг халқаро майдондаги зиёрат туризми бўйича мавқеини ошириш мақсадида ўтказилди. Тадбир Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлар идораси, "Вақф" хайрия жамғармаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, ISESCO (Таълим, илм-фан ва маданият бўйича ислом ташкилоти) ва UNWTO (Бутунжаҳон туристик ташкилоти) ҳамкорлигида ташкил этилди.

Икки томонлама учрашувлар

Зиёрат туризми бўйича I Халқаро форум доирасида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов хорижий мутахассислар билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. Жумладан, Татаристон Республикаси Бош вазир ўринбосари Васил Шайхразиев, Деҳли марказий масжиди бош имоми Саид Бухорий, Миср Вакиллик палатасининг Ижтимоий ҳамдардлик, оила ва ногиронлар қўмитаси раиси Абдулҳадий Ал-Касабий, MATTA (Малайзия туристик компаниялар ва туроператорлар уюшмаси) вице-президенти Оқил Юсуф, Gunadarma университети реактори, Ўзбекистоннинг Индонезиядаги туристик бренд элчиси Эко Шри Маргианти ва Tri Ways Traveland Tour (Сингапур) халқаро компанияси бош менежери Аҳмад Ҳамид билан музокаралар ўтказилди.
Икки томонлама учрашувлар давомида мамлакатнинг туристик имкониятлари ва салоҳияти тарғиботига йўналтирилган ҳамкорлик масалалари ва қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди. Шунингдек Ўзбекистоннинг ислом оламида зиёрат туризмининг энг йирик марказларидан бири сифатида халқаро эътироф этилиши масаласига урғу берилди.
"Имом Ал-Бухорий, Имом Ат-Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний каби ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган олим ва мутафаккирларнинг ватани сифатида Ўзбекистон замини бутун дунёдан ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бири сифатида сайёҳларни чорлаб келмоқда. Сўзимизнинг яққол далили сифатида бир неча асрлардан буён ислом маданияти пойтахти сифатида намоён бўлиб келган “Қуббатул Ислом” - Бухоро шаҳри Ислом ҳамкорлиги ташкилоти Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) томонидан Бухоро бошқа шаҳарлар қаторида Ислом маданиятининг пойтахти деб эълон қилинганлигини таъкидлаш жоиз", - деди Бош вазир ўринбосари.























