Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан Патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, патологик-анатомик тадқиқотлар фақат патологоанатом томонидан ўтказилади. Патологик-анатомик тадқиқотлар биопсия ва аутопсия усулларида амалга оширилади.
Биопсия усулида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш
Даволаш-профилактика муассасасида амбулатор ва стационар шароитда даволанаётган беморларга тўғри ташхис қўйиш ва уларни самарали даволаш мақсадида тегишлилиги бўйича Республика патологик-анатомия маркази, патологик-анатомия бўлимлари ҳамда ҳудудий патологик-анатомия бюроларида биопсия усулида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказилади.
Даволаш-профилактика муассасаларида амбулатор ва стационар шароитда даволанаётган беморлардан олинган биопсия материали ёки жарроҳлик амалиёти жараёнида олинган тўқима тегишли патологик-анатомия хизматига касалликни ҳужайравий даражада аниқлаш учун йўлланма асосида тақдим қилинганда уни патологик-анатомия хизматининг масъул ходими қабул қилиб олади.
Масъул ходим қабул қилиб олинган биопсия материали ёки жарроҳлик амалиёти жараёнида олинган тўқима ҳақидаги маълумотларни тақдим қилинган йўлланманинг тегишли қисмига ёзиб қўяди. Ушбу маълумотлар лаборант томонидан юритиладиган дафтарга ҳам қайд қилинади.
Патологоанатом патологик-анатомик тадқиқот ўтказиш учун тақдим этилган биопсия материали ёки жарроҳлик амалиёти жараёнида олинган тўқимадан микропрепарат тайёрлаш учун кесма олади. Патологоанатом олинган кесмани микропрепарат тайёрлаш учун йўлланма асосида лабораторияга топширади. Лабораториянинг масъул ходими топширилган кесмадан 10 кундан кўп бўлмаган муддатда микропрепарат тайёрлайди. Агар топширилган кесмадан микропрепарат тайёрлаш 10 кундан кўп бўлган муддатни талаб қилса, у ҳолда микропрепаратни тайёрлаётган масъул ходим патологоанатомни бу ҳақца хабардор қилиши зарур.
Лабораториянинг масъул ходими тайёрланган микропрепаратни шу куннинг ўзида патологоанатомга топшириши лозим. Патологоанатом тайёрланган микропрепаратни микроскоп ёрдамида таҳлил қилади ва гистологик ташхис қўяди. Патологоанатом томонидан қўйилган ташхис ва унга тегишли бошқа маълумотлар ҳақида йўлланманинг тегишли қисмига ёзув киритилади. Йўлланмада кўрсатилган ташхис ва бошқа маълумотлар лаборант томонидан юритиладиган дафтарга қайд этилади ва йўлланма тегишли даволаш- профилактика муассасасига юборилади.
Аутопсия усулида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш












