Азиз миришкор деҳқонлар ва томорқа ер эгалари!
Юртимизнинг барча ҳудудида меҳнатидан барака топаётган тажрибали деҳқонлар кўпчиликни ташкил этади. Томорқа ҳар бир оиланинг бамисоли хазина манбаи, мўъжаз гўшаси. Айни вақтда мамлакатимизда 4,5 миллиондан ортиқ деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари 445 минг гектардан зиёд экин майдонида меҳнат қилмоқда.
Серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бор экан, доимо ундан унумли фойдаланиш, хонадонларимизни обод, яшаш шароитимизни намунали тарзга келтириш пайида бўлайлик. Бу каби тартиб-таомил асосида улғайган фарзандларимиз ҳам яхши яшашга интилиб, ўз келажаги учун астойдил ҳаракат қилади.
Деҳқончиликда баҳорнинг бир куни йилга татийди.
Бугунги кунда деҳқонларимиз ва томорқа ер эгаларининг олдида турган биринчи галдаги вазифа ўз ҳовлиси, томорқаларини тартибга келтириш, ерга уруғ қадашга тайёргарлик кўришдир. Бунинг учун ҳовли, томорқалардаги экин экиладиган майдонларнинг ариқлари хас-ҳашаклардан тозаланиши, мевали дарахтларнинг таглари юмшатилиши, турли зараркунандалардан ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг танаси оқланиши керак. Зеро, обод маҳалла обод хонадонлардан ташкил топади.
Иккинчидан, ҳар бир томорқа эгаси тезда ерни экишга тайёрлаши, кузда шудгорланмай қолган ер бўлса, ағдариб, текислаб, маҳаллий ўғитга бойитиб, эртанги сабзавот экинлари, картошка, полиз экинлари уруғини қадашга тахт қилиб қўйиши, плёнка остига экиладиган экинларни эса кечиктирмасдан экиши зарур.
Учинчидан, ҳар бир хонадон эгаси бир ой давомида томорқасининг ҳар бир сотихи ҳисобида ўртача 1 тупдан, бир томорқада ўртача 10 туп ҳудудга мос бўлган сердаромад ва ҳосилдор мевали дарахт кўчатларини экиш тавсия этилади.
Тўртинчидан, ҳар бир деҳқон томорқа қўшимча даромад манбаи эканини доимо ёдда сақлаган ҳолда, мавжуд экин майдонларидан уч мартагача ҳосил олиш учун астойдил ҳаракат қилиши, бу ерда ҳар бир хонадонда 1-2 сотихли ихчам иссиқхона қуриш орқали илғор деҳқонлар тажриба мактабини ўзлаштириши зарур.
Бешинчидан, ҳар бир хонадон эгасининг имконияти ва лаёқатига қараб, 100 та товуқ, 20 та курка, 10 та қўй ёки эчки, 2-3 қути асалари уяси, туяқуш ва бошқа чорва молларини боқиш ҳам оила даромадини кўпайтиришга хизмат қилади.












