Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси жойлаштирилди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ушбу Қонунга мувофиқ қабул қилинган, умум мажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун ҳужжатларидир ва улар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари мажмуини ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ёки мансабдор шахслар ҳисобланади.
Норма ижодкорлиги фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардир:
қонунийлик;
халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва қоидалари устунлиги;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жамият ва давлат манфаатлари ҳимоя қилиш принципи;
ошкоралик;
илмийлик;
ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилиги ва тўлиқлиги;
ҳуқуқий тартибга солишнинг адекватлиги принципи;
ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишда барқарорлик.
Норма ижодкорлиги фаолияти норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қатъий иерархиясини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ва мансабдор шахслар ваколатини ҳисобга олиш орқали амалга оширилади.
Норма ижодкорлиги фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
Норма ижодкорлиги фаолияти халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва қоидалари устунлигини тан олишга асосланади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ва мансабдор шахслар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқилишини илгари суриш, режалаштириш, тайёрлаш, қабул қилиш ва ижросини таъминлашда жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, фуқаролик жамияти институтларининг фикрларини инобатга олади, ижтимоий адолатни таъминлаш ва барқарор ривожланишга эришиш мақсадида уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга оширилишини ва ҳимоя қилинишини кафолатлайди.












