Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг телеграм канали 2019 йил 1 мартдан қонунчиликда нималар ўзгариши ҳақида маълумот берди.

1. Тадбиркорлик, бизнес соҳасида

Бугундан бошлаб жисмоний шахслар ҳам қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

Бунинг учун лицензия олиш ва ўлчамлари 1 гектардан ортиқ бўлмаган сочма олтин конларидан фойдаланиш ҳуқуқини электрон аукцион орқали сотиб олиш лозим.

2019 йил 1 мартдан:

тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда банк ҳисоб рақамларини масофадан туриб очишга рухсат берилади;

истеъмолчиларни электр таъминотидан рухсатсиз узганлик учун иқтисодий санкциялар қўлланилади;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва кадастр ҳисобини юритиш учун ариза экстерриториаллик принципи асосида (исталган жойдан) берилиши мумкин;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тадбиркорларнинг ҳужжатларга муҳр босилишини талаб қилиши тақиқланади.

2. Ижтимоий соҳа, тўловлар

“Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчаларининг раҳбарлари ва тарбиячилари, халқ таълими муассасалари тарбиячиларининг базавий тариф ставкаси бугундан 1,5 баробарга оширилиб, умумтаълим мактаблари базавий тариф ставкасининг 75 фоизи даражасида белгиланади.

Бундан ташқари бугундан бошлаб оилага тарбияга олинган (патронат) ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1,33 баробарга оширилиб, 820 000 сўмни ташкил қилади, кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади.

Бугундан бошлаб болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга, улар пенсия ёшига тўлгандан сўнг, агар уларда пенсия тайинлаш учун зарур стаж мавжуд бўлмаса, ижтимоий нафақа тўлаш бўйича тартиб кучга кирди.

Давлат хизматлари, ахборот технологиялари

Фуқаролар бугундан ойлик иш ҳақлари ҳақидаги маълумотларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиши мумкин.

Бундан ташқари, “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизими ҳам бугундан тўлиқ ишга туширилиши лозим.