Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 январда қабул қилинган ЎРҚ–461-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин:

162-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“Ишни суд муҳокамасига тайёрлаш бўйича ҳаракатлар даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги ажримда баён этилиши мумкин, бундан ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида судгача мажлис ўтказиш ҳоллари мустасно”;

қуйидаги мазмундаги 163-1-модда билан тўлдирилади:

“163-1-модда. Судгача мажлис

Зарур бўлган ҳолларда, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида судья судгача мажлис ўтказиши мумкин.

Бунда судья:

1) даъвогарни ўзи арз қилинган талабларнинг моҳияти бўйича сўроқ қилади, ундан жавобгар билдириши мумкин бўлган эътирозларни аниқлайди ва, агар бу зарур бўлса, даъвогарга қўшимча далиллар тақдим этишни таклиф қилади, шунингдек арз қилинган талабларидан воз кечиш ҳуқуқини ҳамда воз кечишнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради;

2) ишнинг ҳолатлари бўйича жавобгарни сўроқ қилади, даъвогарнинг талабига қарши унинг қандай эътирозлари борлигини ва бу эътирозлар қандай далиллар билан тасдиқланиши мумкинлигини аниқлайди, шунингдек жавобгарга даъвогарнинг талабларини тан олиш ёхуд қарши талаблар қўзғатиш ҳуқуқини тушунтиради, алоҳида мураккаб ишлар бўйича эса, жавобгарга иш юзасидан ёзма тушунтиришлар тақдим этишни таклиф қилади. Жавобгар суд мажлисига келмаган тақдирда унинг томонидан ёзма тушунтиришлар ва далиллар тақдим этилмаганлиги ишни ишдаги мавжуд далиллар бўйича кўриш учун тўсқинлик қилмайди;

3) тарафлардан келишув битими ёки низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларини тузиш эҳтимолини аниқлайди ва уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради;

4) ишнинг мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда, шу жумладан низони ҳал қилиш учун аҳамиятли бўлган илтимоснома ва ҳужжатларни топшириш муддатларини, агар мавжуд бўлганда гувоҳлар рўйхатини алмашишни назарда тутувчи суд муҳокамасининг прогноз жадвалини аниқлайди;

5) суд мажлисида ҳозир бўлган тарафлар ва бошқа манфаатдор шахслардан улар ўртасида ушбу ишнинг судга тааллуқлилиги масаласи бўйича келишув мавжудлигини, ушбу Кодекс 163-моддасида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш зарурияти мавжудлигини аниқлайди.