Ўзбекистон | 09:09 / 02.03.2019
21512
3 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатларига чақириқ билан чиқди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 1 март куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Абу-Даби шаҳрида (Бирлашган Араб Амирликлари) бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг (ИҲТ ТИВК) 46-сессиясида иштирок этди.

ТИВ хабарига кўра, сессия ялпи мажлисидаги сўзлаган нутқида вазир Ўзбекистоннинг ИҲТ ва унинг тузилмалари билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини ҳамда уларга мусулмон давлатларининг тенг ҳуқуқли мулоқоти учун майдон сифатида қарашини қайд этди.

«Биз ташкилотимизнинг терроризм ва диний экстремизмга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз, – деди ТИВ раҳбари. – Терроризмга қарши туришда нафақат террорнинг ҳар қандай кўринишини йўқ қилиш, балки бир вақтнинг ўзида экстремистларни таъминлаётган ижтимоий-иқтисодий муҳитни бартараф этиш борасидаги ишларни ҳам давом эттириш керак деб ҳисоблаймиз. Шу нуқтаи назардан ИҲТ Бош котибияти томонидан аъзо давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, қашшоқликка қарши курашга, таълимни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор».

Фото: OIC

Абдулазиз Комилов ИҲТ ТИВК кун тартибига киритилган муҳим масалалар, жумладан Афғонистонда кенг миқёсли тинчлик жараёнини йўлга қўйишга кўмаклашиш борасидаги Ўзбекистоннинг мавқеини билдириб ўтди. Хусусан, Афғонистон бўйича ҳамкорликни янада фаоллаштириш мақсадида жорий йилнинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида Минтақавий иқтисодий ҳамкорликка бағишланган халқаро конференцияни (RECCA VIII) ўтказиш режалаштирилмоқда.

Вазир бугунги кунда Ўзбекистоннинг фан, технология ва таълим соҳаларидаги ИҲТ билан ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги даражага чиққанини алоҳида эътироф этди. Таъкидланганидек, «мамлакатимизда 2020-йилда ИҲТнинг фан ва технологиялар бўйича иккинчи саммитини ўтказишга тайёргарлик кўриш бошланди». Ўзбекистон делегацияси раҳбари ИҲТга аъзо давлатларни мазкур муҳим форумда иштирок этишга ва Мусулмон Уммати фойдаси учун фан ва технологияларни ривожлантириш ишига ўз ҳиссасини қўшишга чақирди.

Ўз нутқини якунлай туриб, Абдулазиз Комилов жорий сессиянинг Афғонистон, исломофобияга қарши кураш, терроризмга қарши туриш ва экстремизмдан огоҳлантириш, маърифат ва диний бағрикенгликка, шунингдек, Ядро синовларига қарши халқаро кун ва Орол денгизини тиклашга бағишланган қарорларига киритилган Ўзбекистоннинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаганлари учун ИҲТга аъзо давлатларга миннатдорчилик изҳор этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдулазиз Комилов Абу-Дабига бориши хабар берилганди.

Мавзуга оид