Ҳукуматнинг “Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг функционал вазифалари ҳамда Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари котибияти тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг функционал вазифалари тўғрисидаги низомга кўра, бош вазир маслаҳатчиси Ўзбекистон Республикаси президентига ва Ўзбекистон Республикасининг бош вазирига ҳисобот беради.

Бош вазир маслаҳатчисининг фаолияти қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва фермерликни ривожлантириш, ердан оқилона фойдаланиш, сув хўжалиги ва сув хўжалиги қурилиши, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш, озиқ-овқат саноатини, савдо ва пулли хизматлар кўрсатишни ривожлантириш масалаларини ҳал этиш бўйича таклифларнинг пухта ишлаб чиқилиши, экспертизадан ўтказилиши ҳамда тайёрланишини таъминлашга йўналтирилган.

Бош вазир маслаҳатчиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг аъзоси ҳисобланади. Бош вазир маслаҳатчиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида бевосита иштирок этади.

Бош вазир маслаҳатчиси Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг бош вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Бош вазир маслаҳатчиси Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари котибиятига бевосита раҳбарлик қилади ва Котибият мудири мутахассисларининг ишини ташкил қилади.

Қуйидагилар бош вазир маслаҳатчиси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва давлат бошқарувининг бошқа органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, парламент ва депутатлар сўровлари, Ўзбекистон Республикаси президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари сўзсиз бажарилишини ташкил қилиш, шунингдек, жойлардаги ишларнинг реал ҳолатини ўрганиш, аграр ҳамда озиқ-овқат соҳаларидаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш асосида стратегик ва устувор вазифаларни амалга оширишга доир комплекс таклифлар ишлаб чиқиш;

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси вазифалари, 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясини ҳамда ўрта муддатли ва узоқ истиқболда ривожлантиришнинг тасдиқланган тармоқ ва ҳудудий дастурлари ўз вақтида ҳамда самарали амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирларини ташкил этиш;