Ўзбекистон | 09:48 / 02.03.2019
4842
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва БАА ўртасида музокаралар бўлиб ўтди

2019 йилнинг 1 март куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг (ИҲТ ТИВК) 46-сессиясида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Абу-Даби шаҳрида Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Шайх Абдулла бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари вазир Шайх Абдулла бин Зоид Ол Наҳаённи ИҲТ ТИВКдаги раислиги бошлангани билан табриклаб, унга ташкилотга аъзо давлатларнинг халқлари фаровонлиги йўлидаги фаолиятида омад тилади, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Бўлиб ўтган суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг ҳамда БМТ, ИҲТ ва бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Вазирлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ҳажмларини оширишга ўзаро қизиқиш борлигини ва бунинг учун сезиларли салоҳият мавжудлигини тасдиқладилар. Хусусан, 2018 йилда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ўтган йилга нисбатан 23%га ўсди ва ушбу динамика жорий йилда ҳам сақланиб қолиши кутилмоқда.

Турли даражадаги бўлажак икки томонлама учрашувларнинг муддати ва кун тартиби борасидаги томонларнинг таклифлари муҳокамаси музокараларда алоҳида ўрин олди.

Мавзуга оид