Ўзбек футболидаги энг машҳур инсон, шубҳасиз, Равшан Эрматов. Уни бутун дунёда танишади. Жаҳон Кубокларида энг кўп ўйинни бошқарган ҳамюртимизнинг дунё футболидаги обрўси ҳам баланд. Иккинчи марта Осиё Кубогининг финал баҳси Эрматовга ишониб топширилгани сўзимиз исботи. Равшан Эрматовни Kun.uz студиясига таклиф қилдик ва у билан фаолияти, умуман футбол ҳакамлиги ҳақида суҳбат қурдик.
«Саудия чемпионати кучли»
Меҳмонимиз яқинда Саудия Арабистонида бўлиб қайтди ва у ерда мамлакат чемпионати ўйинларини бошқарди. Эрматовдан Саудия чемпионатининг даражаси ҳақида сўрадик. Унинг айтишича, у ерда чемпионат ўйинлари яхши даражада ўтади:
«Бугун футбол ҳакамлари бошқа чемпионатларда ишлаши одат тусига кирди. Бу яхши анъана деб ўйлайман. Саудия футболида сўнгги йилларда ўсиш кўзга ташланди. Улар охирги Жаҳон Чемпионатида ҳам ўйнашди. Саудия чемпионати кучли, ўйинлари қизиқарли кечади. У ерда кучли легионерлар кўп. Мухлислар ташрифи ҳам ёмон эмас».
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
«Олдин «Манчестер Юнайтед»ни фақат телевизорда кўргандик»
Саволларимизнинг биринчи қисмида Равшан Эрматовдан унинг фаолиятидаги эсда қоларли ўйинлар ҳақида сўрадик. 2008 йилги клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати финалини айнан Эрматов бошқаргани ёдингизда. Ўшанда мусобақанинг финалида ҳамюртимиз Неманья Видичга қизил карточка кўрсатганди. Меҳмонимиз ўша ўйин ва ўша вазият ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
«Ҳозир ўша дамдаги ҳиссиётларим эсимга тушиб кетди. Клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати 2010 йилги Жаҳон Чемпионатига тайёргарликнинг энг муҳим босқичларидан бири эди. Менинг жисмоний, назарий кўрсаткичларим яхши эди, лекин ҳали амалий томондан майдонда ўзимни кўрсатишим керак эди. Шу сабаб сиз эслатган ўйиндан олдин ҳаяжон катта бўлган. Чунки биз «Манчестер Юнайтед»ни олдин фақат телевизорда кўргандик. Бу катта клуб. Ўшанда Роналду ҳам «МЮ»да ўйнарди. Ўз навбатида Эквадор клуби ҳам ўз қитъасининг чемпиони эди. Лекин тўғриси, майдонда қанчалик катта жамоа борлигининг менга фарқи йўқ эди. Ўша куни мен учун қизил ва қора жамоа бор эди холос.


















