Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган товарларнинг ихтиёрий экологик маркировка қилиш тизимини яратиш тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.
Қайд этилишича, ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида" ги, "Экологик назорат тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 3 октябрдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3956-сонли қарори ижросини таъминлаш, фуқароларни товарлар, хизматлар, технологик жараёнларнинг хусусиятларидан хабардорлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган товарлар ва хизматларнинг, уларнинг экологик хавфсизлигини кафолатлаш ҳисобига экспорт ҳажмини ошириш учун шарт-шароитларни яратиш ҳамда босқичма-босқич ушбу соҳадаги ISO 14000 (Халқаро стандартлаштириш ташкилоти) халқаро стандартига ўтиш мақсадида қабул қилиниши мумкин.
Ҳужжат билан ISO 14000 халқаро стандарти талабларига асосланган Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган товарларнинг ихтиёрий экологик маркировка қилиш тизимини яратиш бўйича;
экологик хавфсизлик белгиси берилиши билан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган товарларнинг ихтиёрий маркировка қилиш механизмини жорий этиш бўйича таклифлар маъқулланиши мумкин.
Қуйидагилар ўрнатилади:
товарни экологик маркировка қилиш экологик маркировка қилиш бўйича лицензияга эга орган томонидан амалга оширилади;
ишлаб чиқаришда атроф-муҳитга, аҳоли саломатлигига ва биологик ресурсларга энг кам зарарли таъсир кўрсатадиган маҳсулотлар ихтиёрий экологик маркировка қилиш учун объект бўлиб ҳисобланади;
маҳсулотни ихтиёрий экологик маркировкалаш сертификатини олганларидан сўнг ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини "экологик хавфсиз товар" белгиси билан маркировка қилиши мумкин;
товарни ихтиёрий экологик маркировкалаш сертификати бўлмаган ҳолларда номлашда, қадоқлашда, товарни йўлланма ҳужжатларида ва товар рекламасида "органик", "эко", "био" ва шунга ўхшаш сўзлар ишлатилиши тақиқланади;
дори воситалари, ветеринария препаратлари, тиббий асбоблар, давлат меъёрлари ва стандартларига мувофиқ заҳарли, мутаген, канцероген, атроф-муҳит учун хавфли деб таснифланган моддалар, препаратлар ва аралашмалар мавжуд бўлган маҳсулотлар ихтиёрий экологик маркировкалашдан ўтказилмайди.

















