Ўзбекистон | 14:12 / 06.03.2019
36186
2 дақиқада ўқилади

Россия банки Тоҳиржон Жалиловга нисбатан банкротлик даъвоси билан чиқди 

Фото: spb.adlr.ru

«Возрождение» банки Воронеж области арбитраж судига GM Uzbekistan Ўзбекистон-Америка автоконцерни собиқ бош директори, Uz-Daewoo’нинг Воронеж дилери ва «Км/ч» автосалонлар тармоғи собиқ эгаларидан бири Тоҳиржон Жалиловнинг банкротлиги тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» ёзмоқда.

Даъво ҳали юритувга қабул қилинмади, Жалиловнинг банк олдидаги қарзи миқдори ошкор этилмаяпти.

«Км/ч» автосалонларининг молиявий муаммолари ҳақида 2016 йилда маълум бўлди, ўшанда уларнинг юридик шахслари Инвестторгбанк ва «Возрождение» банкидан банкротлик тўғрисида даъво аризаларини қабул қила бошлади. Салонлар Uz-Daewoo, Ravon, Iveco, ZAZ, Skoda ҳамда Volkswagen’ни сотган. Барча салонлар 2014 йилда олинган кредитлар бўйича ўзаро кафолатчи бўлган, Россияда тармоқнинг асосий юридик шахслари қарзи 20 миллиард рублдан ошиши мумкин.

Жалиловнинг ўзи бундан аввал банкротлик тўғрисида даъволар қабул қилиб олмаган, аммо коррупцияда гумонланиб ҳибсда бўлган. Бироқ, 2017 йилда у барча айбловлар олиб ташланган ҳолда озодликка чиқарилди.

Тоҳиржон Жалилов «Ўзавтосаноат» давлат холдинги бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимига қайтди, кейинчалик «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси бошқаруви раисига айланди.

Мавзуга оид