Москва нефтни қайта ишлаш заводи 20 сентябр куни амалга оширилган дронлар ҳужумидан кейин фаолиятини вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда Reuters агентлиги нефтни қайта ишлаш саноатидаги учта манбасига таяниб хабар берди.
Агентлик маълумотига кўра, Украина дронларининг ҳужуми оқибатида заводдаги нефтни дастлабки қайта ишлашга мўлжалланган иккала қурилмада ҳам ёнғин чиққан.
Манбалар зарарланган ускуналарни таъмирлаш бир неча ҳафта давом этиши мумкинлигини билдирган. Хабар эълон қилинган вақтда «Газпромнефть» Reutersʼнинг изоҳ сўровига жавоб бермаган.
Москва мэри Сергей Собянин 20 сентябр куни пойтахтга дронлар билан кенг кўламли ҳужум уюштирилганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, бир нечта учувчисиз аппарат Москва нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудига етиб борган.
Заводдаги AVT-6 дастлабки қайта ишлаш блоки бир суткада 21,4 минг тонна хомашёни қайта ишлаш қувватига эга. Бу корхона умумий қувватининг 53 фоизига тенг.
EURO+ мажмуавий қурилмаси эса суткасига 18,8 минг тонна хомашёни қайта ишлайди ва завод қувватининг қолган 47 фоизини таъминлайди.
Reuters қайд этишича, 21 сентябрдан бошлаб Москва НҚЗда ишлаб чиқарилган нефт маҳсулотларининг улгуржи партиялари Санкт-Петербург халқаро товар-хомашё биржасида сотувга қўйилмаган.
Москва нефтни қайта ишлаш заводи аввал ҳам дронлар ҳужумига учраган. 18 июнга ўтар кечаси корхонага зарба берилганидан кейин ҳам унинг фаолияти вақтинча тўхтатилган эди.
The Moscow Times маълумотига кўра, Россиядаги энг йирик ўнта нефтни қайта ишлаш заводи қаторига кирувчи Москва НҚЗ сентябр ойида дронлар ҳужуми туфайли ёқилғи ишлаб чиқаришни тўхтатган бешинчи корхона бўлди.
Бундан олдин пойтахт минтақасини ёнилғи билан таъминловчи «Ярославнефтеоргсинтез» ва Рязан нефтни қайта ишлаш заводлари, шунингдек, Сизран ҳамда Саратов НҚЗ ишини тўхтатган эди.

















