Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, юқумли бўлмаган касалликлар дунё бўйича глобал муаммога айланиб, инсонлар саломатлигига жиддий хавф солмоқда. Хасталикларнинг бу тоифасига юрак қон-томир, саратон, қандли диабет ва сурункали ўпка касалликлари киради.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, юқумли бўлмаган касалликларни келтириб чиқарувчи омилларга нотўғри овқатланиш, жисмоний фаолликнинг пасайиши, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш сабаб бўлади. Шу боис мамлакатда аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, бу борада амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, ўтган йил 20 сентябрь куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда корхоналар, таълим муассасалари, истироҳат боғларида оммавий бадантарбия ва гимнастика машғулотларини ўтказиш эътибордан четда қолаётганини эътибор қаратилиб, бундай машқларнинг инсон саломатлиги учун фойдалилигини тарғиб қилиш мақсадида муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Давлат раҳбарининг 2018 йил 18 декабрида “Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилингани эса бу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифаларни белгилаб берди.

Қарор билан 2019 – 2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш концепцияси ҳамда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бир қаторда барча ҳамкор ташкилотлар масъул сифатида бириктирилди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларни эрта аниқлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаоллигини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар кўламини кенгайтириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг 9 март куни республикада Юриш куни деб эълон қилинди.



















