Вазирлар Маҳкамасининг республика ҳайвонот боғлари инфратузилмаси ва моддий-техник базасини такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ва селекция фаолиятини ривожлантириш, ҳайвонот боғлари коллекция фондини бойитиш ва ўрнини тўлдириш ишларини тизимли ташкил этиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш ва фаол жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистон ҳайвонот боғларини жаҳоннинг етакчи ҳайвонот боғларига айлантириш мақсадида фармойиши қабул қилинди.

Ҳужжат билан ҳайвонот боғларини янада ривожлантириш ҳамда уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

икки ой муддатда - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳайвонот боғларининг намунавий штатлар жадвалини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Сурхондарё, Фарғона, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда, чет эл тажрибасини ўрганган ҳолда, тегишли равишда Термиз, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент ҳайвонот боғлари фаолиятига замонавий технологияларни татбиқ этишни ва малакали мутахассисларни жалб қилишни таъминлайди;

2019 йил 1 августгача - манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Тошкент ҳайвонот боғини таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва молиялаштириш манбаларини аниқлаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади;

2019 йил 1 сентябрга қадар - ҳайвонот боғларининг молия-хўжалик фаолиятини шаффофлаштириш, даромад манбаларини кенгайтириш мақсадида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш орқали ҳайвонот боғларини босқичма-босқич ўзини ўзи тўлиқ молиялаштиришга ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади;

ҳайвонот боғларида турли тадбирларни ўтказиш ҳамда уларнинг фаолиятига оид маълумотларни оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириб боришни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Давлат ветеринария қўмитаси билан биргаликда ҳайвонот боғлари базасида қимматбаҳо ва ноёб ҳайвонлар турларини сунъий чатиштириш ҳамда янги жуфтларни шакллантириш, коллекцияларнинг тур таркибини генетик янгилаш учун ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонлар селекциясини ривожлантириш бўйича доимий ишларни олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фанлар академияси билан биргаликда ҳайвонот боғларини маҳаллий ҳайвонлар билан бойитиб бориш ишларини амалга оширади;