Ўзбек ва жаҳон адабиёти, унинг муаммолари, таҳлиллари юзасидан қатор кўрсатув ва суҳбатларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этиб келаётган Kun.uzʼнинг навбатдаги суҳбатдоши адабиётшунос олим, филология фанлари доктори профессор Иброҳим Ҳаққул бўлди.

Адабиётшунос олим билан бугунги жамият ва адабиёт ҳақидаги суҳбатимиз очиқ ва самимий руҳда ўтди. Унда Иброҳим Ҳаққул нафақат ўзбек жамияти ва ўзбек адабиётидаги муаммолар ҳамда иллатларни танқид қилди, балки бу муаммолардан қутулиш борасида ўзи тўғри деб билган фикрларни ҳам ўртага ташлади.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube.com

— Устоз, Европа, умуман жаҳон адабиётидаги барча катта асарларда маълум фалсафа ётганини кўрамиз. Қайси ёзувчи ва қайси асарларни назарда тутаётганимни сезяпсиз. Айтинг-чи, шу маънода ўзбек адабиётининг фалсафий асослари нималардан иборат, умуман ўзбек адабиётининг якдил бир фалсафаси борми?

— Мумтоз адабиётимиз Навоий, Бобурлар даврида адабиётнинг фалсафаси аниқ бўлган. У пайтнинг ижодкорлари нимага суяниб, нимани тарғиб-ташвиқ қилишни жуда яхши билган. Лекин шўро замонидан кейин ҳаммаси ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Бу замонда яратилган адабиётни фалсафаси сиёсат ва мафкура бўлган, коммунистик мафкура. Бу мафкура ва сиёсат то мустақиллик давригачаям келди, лекин ундан кейин адабиётни фалсафаси янгилангани йўқ.

Чунки уни янгилайдиган ижодкор йўқ. Баъзи нарсалар ўзгартирилди, баъзи нарсаларга бошқача тўн кийгизилди ва бу гуманизм дейилди, фалон дейилди, лекин катта фалсафа йўқ.

Шунга ҳаракатлар бўлган. Масалан, бу йўлда Назар Эшонқул катта ишлар қилган. Афсуски, мана шундай ёзувчимиз бор, лекин “оқар сувни қадри йўқ”. Уни ёшлар билан учраштиришадими, йўқми — билмайман.

Адабиёт фалсафасини англаб ишлашга интилишни Хуршид Дўстмуҳаммадда ҳам кўриш мумкин. Аммо юқорида айтганимдек, ҳали том маънодаги янги фалсафа йўқ.

Буни яратиш керак. Бунинг учун катта ёзувчи ва шоирларимиз йиғилиб фикр алмашишлари лозим ва албатта, адабиётни кучини қайси нуқтайи назардан кўрсатиш кераклигини тушунишлари лозим.